Қатор давлатлар Россиядаги эҳтимолий терактлардан огоҳлантирмоқда

Олам

image

Латвия, Жанубий Корея, Швеция, Канада, Германия ва Чехия яқин 48 соат ичида Россия Федерациясида террорчилик ҳужумлари хавфи ҳақида АҚШ огоҳлантиришига қўшилди. Бу ҳақда мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирликлари маълум қилди. 

Латвия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчихонаси маълумотларига таяниб, фуқароларини эҳтиёт бўлишга ва 48 соат давомида Москвада оммавий йиғилишлардан сақланишга чақирди. 

Шунингдек, вазирлик Латвия фуқароларини халқаро хавфсизлик соҳасидаги кескин вазият туфайли Россия Федерацияси ҳудудини тарк этишга чақирган.

Канада ҳукумати ҳам ўз фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан тийилишни тавсия қилган ва АҚШнинг Москвадаги элчихонаси баёнотига таяниб, террорчилик ҳужуми хавфидан огоҳлантирган.

Шунга ўхшаш хабар Жанубий Кореянинг Россиядаги элчихонаси томонидан ҳам эълон қилинди. Элчихона терактлар хавфидан огоҳлантирган ва шунингдек, 8 мартга бағишланган тадбирлар муносабати билан одамлар гавжум жойларда ҳалокатлар эҳтимоли юқорилигини таъкидлаган.

Швеция элчихоналари ва консулликларининг веб-сайтида ҳам огоҳлантириш пайдо бўлди. Унга кўра, мамлакат фуқароларига минтақадаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши сабабли Россияга бормаслик тавсия этилган.

Бундан ташқари, Чехиянинг Россия Федерациясидаги элчихонаси мамлакат фуқароларини ушбу мамлакатнинг йирик шаҳарларида экстремистик гуруҳларнинг эҳтимолий ҳужумлари ҳақида пайдо бўлган хабарлар муносабати билан эҳтиёт бўлишга ва одамлар гавжум жойлардан қочишга чақирган.

Ўз навбатида, Германия ТИВ Россия Федерациясига саёҳат қилиш бўйича тавсияларни янгилаб, мамлакат фуқароларини огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги эҳтимолий терактлардан огоҳлантирган, Буюк Британия элчихонаси ҳам бунга қўшилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг