Қатар ўлимга ҳукм қилинган ҳиндистонликларнинг жазосини енгиллаштирди

Олам

image

Қатар суди саккиз нафар ҳиндистонликнинг ўлим жазосига ҳукм қилингани бўйича шикоят аризасини кўриб чиқди ва жазони енгиллаштиришга қарор қилди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, Қатар апелляция суди “уларнинг жазосини енгиллаштирган”.

"Батафсил қарор кутилмоқда. Биз кейинги қадамлар ҳақида бир фикрга келиш учун юридик гуруҳ, шунингдек, маҳкумларнинг оила аъзолари билан яқин алоқадамиз", дейилади ТИВ баёнотида. 

Вазирлик ўз фуқароларини барча зарур консуллик ва юридик ёрдамини кўрсатишда давом этишига ишонтирган.

“Жараённинг махфийлиги ва нозиклиги сабабли, ушбу босқичда бу масала бўйича бошқа изоҳ бериш ўринсиз бўлади”, дея хулоса қилган ТИВ.

Маълумот учун, 2022 йил август ойида бир гуруҳ Ҳиндистон фуқаролари Исроил фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, Қатарда ҳибсга олинганди. Уларнинг барчаси Ҳиндистон ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ ходимлари, жумладан, илгари ҳинд ҳарбий кемаларига қўмондонлик қилган юқори мартабали зобитлардир. Ҳибсга олинишидан олдин улар Қатарлик ҳарбий хизматчиларни ўқитиш ва бошқа тегишли хизмат кўрсатувчи Dahra Global Technologies and Consultancy Services хусусий компаниясида ишлаган. “India Today” журналига кўра, Ҳиндистон денгиз флоти зобитлари Қатарнинг сувости кемалари дастурига жалб қилинган. Қатар томони ҳиндистонликларни мазкур дастур ҳақидаги маълумотни Исроилга етказишда айбламоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойи охирида Қатар биринчи инстанция суди ҳиндистонликларни ўлимга ҳукм қилганди. Ўшанда Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги суд қароридан ҳайратда қолганини билдирган. Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар Ҳиндистон Қатарда ўлим жазосига ҳукм қилинган саккиз нафар фуқаросини озод қилишга интилаётганини билдирган. Ўтган ойда Қатар бу иш бўйича апелляция шикоятини кўриб чиқишга рози бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Қатар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг