Қиёматга қолаётган қасос

Таҳлил

Қосим Сулаймоний, Муҳсин Фахризода, Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва Исмоил Хония. Яқин Шарқдаги сиёсий муҳитнинг об-ҳавосига етарлича таъсир қилишга қодир бўлган мазкур тўрт шахснинг ўлими ўз вақтида дунё ҳамжамияти томонидан кучли хавотир билан қарши олинди. Бундан 4 йил муқаддам, 2020 йилнинг январида генерал Қосим Сулаймоний, ўша йилнинг ноябрида физик олим, “Эрон бомбасининг отаси” деб аталадиган Муҳсин Фахризода, 2024 йилнинг апрелида Эрон ислом инқилоби корпусининг юқори мавқедаги генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва эндиликда ҲАМАС ҳаракати раҳбари Исмоил Хония.

Юқоридаги шахсларни бирлаштириб турувчи нуқта бу – уларнинг барчаси умумий маънода Эрон, Исроил ва АҚШ ўртасидаги можароларнинг қурбони бўлганлигидир. Сулаймоний, Фахризода, Зоҳидий ва Хония ўлимидаги асосий гумонланувчилар АҚШ ва Исроил тандеми ҳисобланади. Аввал ҳам бир неча бор муҳокама қилинган ва бутун дунё томонидан эътибор марказига олинган мазкур масала бугунги фавқулодда рўй бераётган кескин сиёсий вазиятлар фонида яна ёдга олинишга муҳтож. Аммо бу сафар Яқин Шарқда ўз ўрнига эга бўлган ушбу юқори мартабали машҳур шахсларнинг ўлими ва уларга сабаб бўлган ҳолатлар ёки гумондорлар-у айбланувчиларга эмас, балки ушбу ўлимлар учун Эрон расмийлари томонидан олиниши айтилган хун ва бу қасамларнинг устидан чиқилмаганига тўхталамиз.

Дастлаб генерал Қосим Сулаймоний. Айнан у Эрондаги шов-шувли ўлимларнинг дебочаси ҳисобланади. Эронда миллий қаҳрамон, аммо Ғарб ташвиқоти оқибатида ташқи дунё учун ёвуз персона сифатида талқин қилинган ушбу генерал ўз вақтида Яқин Шарқнинг энг қудратли кишиси сифатида тан олинган. Бу эътироф ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Сулаймоний ҳаёти давомида Яқин Шарқдаги тинчлик ва тартиб учун энг кўп курашган шахсларнинг олдинги қаторида турган ҳолда Ғарбнинг бу минтақадаги асосий рақиби ҳисобланган.

Минтақадаги АҚШ ва Исроилга қарши қуролли ва сиёсий гуруҳлар “қаршилик ўқи”нинг асосий меъмори бўлган Сулаймоний ўнлаб йиллар давомида Ироқ, Ливан, Сурия ва Ямандаги гуруҳларга сиёсий ва ҳарбий ёрдам кўрсатган ва фаластинликларга қўлдан келганча ёрдам бериб келган. Кўриниб турибдики, бу ишлари билан марҳум генерал минтақада чорак асрдан буён ўта фаол ва бошқарув пакетининг асосий қисмига эгалик қилувчи Қўшма Штатларнинг манфаатларига чанг солган. Қосим Сулаймоний тирик бўлган ҳар дақиқа Яқин Шарқда Қўшма Штатлар ва Исроилнинг нафас олишини оғирлаштирган. Сулаймонийга АҚШ ва Исроил томонидан бир-биридан хилма-хил айбловлар қўйилган. Қисқа қилиб айтганда, айбдори топилмаган жиноятларнинг барчаси Қосим Сулаймонийнинг гарданига юкланган. Шундай қилиб, Яқин Шарқ арслонининг минтақа даштларида давр-у даврон суриши 2020 йилгача давом этди.

АҚШдаги сенсацион сайлов натижалари ортидан ҳокимиятга келган Дональд Трамп ўзининг сўнгги президентлик йилида Сулаймонийнинг масаласига ҳам, ҳаётига ҳам нуқта қўйди. АҚШ ҳарбий кучлари томонидан Бағдод халқаро аэропорти ҳудудида амалга оширилган операция оқибатида эронлик генерал, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилди. Вашингтонда у 2019 йил 31 декабрь куни Бағдоддаги Америка элчихонасига ҳужум уюштиришда иштирок этган, деб тахмин қилингани боис Трамп ушбу операцияга буйруқ берганди. Эрон томони эса бунга жавобан ўз халқи олдида АҚШдан ўч олишга ваъда берди. Бу воқеалар ортидан шундоқ ҳам зиддиятли бўлган АҚШ-Эрон муносабатлари янада боши берк кўчага кириб қолди. Бутун дунё 3 январдан кейинги тонгларни хавотир билан қарши ола бошлади.

Икки ўртадаги тўқнашувда мутахассислар томонидан бир қанча сценарийлар тахмин қилинди. Ҳамманинг кўз-қулоғи Теҳронда ва барча унинг қасоси қай тарзда амалга оширилишини кутаётганди. Орадан 5 сутка ўтиб, ўша кун ҳам келди. 2020 йилнинг 8 январида “Шаҳид Сулаймоний” деб номланган қасос операциясида Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси АҚШнинг Ироқдаги иккита ҳарбий базасига ҳужум уюштирди. Ал-Асад авиабазасига 12 баллистик ракета учирилди. Бу зарба АҚШнинг хориждаги кучларига қарши амалга оширилган энг йирик баллистик ракета ҳужуми эди. Аммо бу қарши ҳужумда АҚШнинг ҳеч бир аскари ҳалок бўлмади. Якунда Пентагон 110 нафар ҳарбийга ҳужум оқибатида мия травматик жароҳати ташхиси қўйилгани ҳақида хабар берди.

Америка Қўшма Штатларининг ўша пайтдаги Давлат котиби Майк Помпео ҳужумнинг мақсади ўлдириш бўлгани, бироқ бу амалга ошмаганини айтганди. Чунки Америка Қўшма Штатлари Космик кучлари бу ҳақда ҳарбий базадагиларни эрта огоҳлантиришга муваффақ бўлишган. Расмий Теҳрон бу қасос зарбасидан кейин АҚШга қарши яна бир қанча административ жавоблар ҳам берди. Хусусан, Эрон парламенти Пентагонни террорчи ташкилот, АҚШни терроризм раҳнамоси деб тан олди. Бу каби тамға АҚШ томонидан 2001 йилда айнан Эронга нисбатан қўйилганди. Расмий Теҳрон эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани учун АҚШдан қасос олингани, АҚШ томонидан бошқа тажовуз бўлмаса, янги ҳарбий ҳаракатларга қўл урилмаслигини эълон қилди. Бундан пинагини ҳам бузмаган АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳодиса юзасидан халқига мурожаат йўллаб, Эроннинг Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ҳужумида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини маълум қилиб, Эрон чекингани ва бу бутун дунё учун яхши эканини таъкидлади. Аммо бу воқеалар табиий ҳолда содир бўлмагани кейинчалик Трамп томонидан президентликдан кетгандан кейинги чиқишларидан бирида ошкор қилиб қўйилди. Унинг айтишича, Ироқдаги АҚШ ҳарбий базаларига Эроннинг қасос ўтида йўлланган шов-шувли зарбалари олдиндан келишилган ва АҚШнинг рухсати билан амалга оширилган.

Муҳсин Фахризода

Трамп президентлигининг сўнгги кунларида Сулаймонийнинг ўлимини изоҳлар экан, Эрон ўзининг ядровий дастурини тугаши кераклигини ҳам эслатиб ўтганди. Ҳа, кейинчалик бу шунчаки эслатма эмас, балки форс юртидаги кейинги нишон учун ишора бўлгани маълум бўлди. Физик олим, университет профессори ва Эрон учун жуда долзарб ҳисобланган баллистик ракеталар ядро каллакларини ишлаб чиқиш бўйича махфий “Амад лойиҳаси” раҳбари. Ташқи дунёда “Эрон бомбасининг отаси” номини олган ва дунёнинг машҳур нашрлари томонидан ядро бомбаси ихтирочиси Оппенгеймерга таққосланган. Муҳсин Фахризода Сулаймоний ўлимидан 11 ой ўтиб, 2020 йилнинг 27 ноябрь куни Теҳрон яқинида ҳужум қурбони бўлди. Ҳодиса жойида дастлаб худкуш террорчи ўзини портлатган, кейин бошқалар олимнинг автомобилини ўққа тутган. Сулаймонийдан фарқли ўлароқ, Фахризоданинг ўлимида суиқасдни амалга оширилишига буйруқ берган аниқ шахс маълум эмас. Эрон ҳукумати аввалига бу қотилликда мужоҳидлар ва Исроилни айблаган ва бу айбловда етарлича жон бор. Эроннинг стратегик мақсадлари учун энг асосий таянч устун бўлган ушбу физик олимнинг ўлимидан фақат ва фақат Исроил, АҚШ ва ташқи дунёнинг Эронга пинҳона равишда қарши бўлган қисми манфаатдор бўлган десак адашмаган бўламиз. 2021 йилнинг февралига келиб, Эрон Разведка вазири Маҳмуд Алавий Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилишида Эрон Қуролли кучлари аъзоси иштирок этганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, разведка ходимлари физикка суиқасд бўлиши тўғрисида билган. Вазирлик ушбу ҳужум қаерда содир бўлишидан ҳам хабардор бўлган, аммо суиқасднинг содир бўлиш вақти уларга номаълум эди. Вазирлик бу ҳақда тегишли органларга қотилликдан беш кун олдин хабар берган.

“The New York Times”нинг ёзишича, Исроил Ташқи разведка хизмати (Моссад)нинг ўша пайтдаги бошлиғи Йоси Коэн 2019 йил охири ва 2020 йил бошида Америка раҳбариятига махсус хизматлар томонидан Эрон ядровий дастури ривожланишига тўсқинлик қилиш мақсадида тайёрланган операциялар рўйхатини тақдим этган. Рўйхатда эса Фахризодага суиқасд қилиш режаси ҳам ўрин олганди. 2020 йил февраль ойининг охирида, ўша пайтда Дональд Трамп бошчилигидаги Америка маъмурияти вакиллари ядровий физикни ўлдириш режасини маъқуллаган. 2010 йилдан 2012 йилгача Эронда ядро қуроли бўйича тўрт мутахассис ўлдирилган. Фахризода сўнгги 10 йил ичида ўлдирилган бешинчи эронлик ядро олими эди. Эрон барча қотилликлар учун Исроилни айблади. Исроил эса ушбу қотилликларга алоқадор эканини рад этди. Яҳудий давлати ва унинг асосий иттифоқчиси бўлган Қўшма Штатлар ядро қуролининг Теҳрон қўлида қолишига йўл қўймаслик учун фавқулодда чоралар қўлланилишини истисно этмайди.

Фахризоданинг ўлими ортидан эронликлар унинг хунини сўраб кўчага чиқишди. Ўз навбатида, Эрон ҳукумати “қаттиқ қасос” олишга ваъда берди. Теҳронлик мудофаа ва хавфсизлик бўйича эксперт Ҳусайн Далирян Фахризоданинг ўлдирилиши ортида Исроил разведка агентлиги Моссад турганига шубҳа қилмаслигини ва Исроил бунинг учун жавоб беришини айтди. У қасоснинг вақти ва жойини Эрон ҳал қилади, деганди. Далирян Фахризода учун ўч олиш фақат Ғарбий Осиё билангина чекланиб қолмаслигини айтиб, бунда Эроннинг АҚШ учун атагани борлигига ишора қилган. Вашингтонда жойлашган бир қанча тадқиқот институтлари Эрон Фахризоданинг ўлдирилишига ҳарбий жавоб бериши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади. Аммо баъзи мутахассислар Эрон Фахризоданинг ўлдирилишига Сулаймонийникидек жавоб бермаслиги чунки вазият бироз бошқача эканлигини айтишди. Ҳақиқатдан ҳам Фахризоданинг ўлимида ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмаганди. Бу ҳолатда жавоб зарбаси нишони аниқ бўлмас ва бунда Эрон учун яхшигина чиқиш эшиги мавжуд эди. Ва қасоскор Эрон шу эшикдан фойдаланишга қарор қилди. Натижада у бўлди, бу бўлди якунда Эрон хавфсизлиги ва унинг минтақада ўз кучига ва сўзига эга бўлиши учун ҳаётини бахшида қилган Муҳсин Фахризоданинг ўлими жавобсиз қолди. Физик даҳо расмий Теҳроннинг сўнгги йиллардаги сиёсий прагматизми ортида унутилди.

Муҳаммад Ризо Зоҳидий 

Муҳаммад Ризо Зоҳидий Қосим Сулаймонийдан кейин ўлдирилган Эроннинг энг юқори мартабали ҳарбий қўмондони эди.

Эрон, Сурия ва минтақа расмийларининг берган маълумотларига кўра, жорий 2024 йилнинг 1 апрелида Эрон ҳарбий қўмондонлари Эроннинг Дамашқдаги консуллигида “юқори даражадаги йиғилиш” ўтказишган. Эрон расмийларининг хабар беришича, мамлакатнинг Сурия ва Ливандаги махфий амалиётига масъул бўлган генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ҳам иштирок этган ушбу йиғилишда қўмондонлар “оператив логистика ва мувофиқлаштириш” масалаларини муҳокама қилиш учун Дамашқда тўпланган.

Эрон расмийларига кўра, улар Ғазо секторида жойлашган “Фаластин Исломий Жиҳоди” гуруҳи аъзолари билан учрашишган. Аммо учрашув чоғида улар жойлашган бино Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида вайрон қилинади. Эрон элчиси Ҳусайн Акбарий консуллик биноси Исроилнинг F-35 жанговар самолётларидан отилган олтита ракета билан нишонга олинганини даъво қилганди. Бир қанча Ғарб ОАВлари ҳужум қилган самолётлар Исроилга тегишли эканлигини таъкидлади ва улар берган маълумотларга кўра, тўртта исроиллик расмий шахслар ҳужум учун Исроил айбдорлигини аноним равишда тасдиқлаган. Исроил ҳарбий вазири ушбу бино ҳеч қандай консуллик ҳам, элчихона ҳам эмас, балки “Дамашқдаги фуқаролик иншооти сифатида ниқобланган” Қудс кучларининг ҳарбий биноси эканлигини даъво қилди. Ҳужумнинг асосий нишони Эрон ислом инқилоби корпусининг Қудс кучлари қўмондони, бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий эди. Зоҳидий Эрон ва Ҳизбуллоҳ ўртасидаги муносабатларда муҳим шахс бўлган. Консуллик ҳудудига уюштирилган ҳужумдан кейин олинган кадрлар ва фотосуратларда воқеа жойида катта зарар, ёнғин ва тутун келиб чиққанини кўриш мумкин эди. Эрон матбуоти бино бутунлай вайрон бўлгани ҳақида хабар берди.

Ҳаво ҳужуми оқибатида жами 16 киши ҳалок бўлди. “Bloomberg” маълумотларига кўра, зарбалар оқибатида корпуснинг Суриядаги бутун бошли қўмондонлик қаноти йўқ қилинган.

Эрон сиёсий ҳаётидаги муҳим шахсларнинг ўлдирилиши ўз йўлига аммо дипломатик ваколатхонага қилинган ҳужум халқаро ҳуқуқ нормаларига зид ва қабул қилиб бўлмас ҳаракат ҳисобланади. Шу сабабли, Исроилнинг мазкур жиноятини қоралаб чиқмаган давлат ва халқаро ташкилот қолмади. Энди Эронда жавоб зарбаси учун инкор этиб бўлмас ҳуқуқий асос пайдо бўлганди. Катта можародан доимий равишда қочиб келган Олий раҳнамо ва унинг жамоаси олдида эндиликда мушкул вазифа қад ростлаганди. Эрон олдида бу сафар Исроилнинг сурбетлигига жавоб қайтаришдан бошқа йўл қолмаганди. Дипломатик ваколатхонага уюштирилган ушбу ҳужумга жавоб бермаслик учун Фахризоданинг ўлимидаги каби чиқиш эшиклари йўқ эди. Ҳаммаси маълум, айбдор бор, қилинган ҳужум халқаро ҳуқуққа зид ва жавоб бериш ҳуқуқи Эроннинг ўзида сақланиб қолади. Жавоб бермасликнинг ва генераллар учун қасос олмасликнинг энди иложи йўқ эди.

Бу пайтда Исроил АҚШга Эроннинг жавоб ҳужуми Исроилдан кучли жавоб қайтаришини айтди. Эрон эса кутилганидек Исроилни очиқчасига айблаб, қасос олишга ваъда берди. Эроннинг бир нечта шаҳарларида, жумладан, пойтахт Теҳронда, шунингдек, Табриз ва Исфаҳонда, Фаластин ва Эрон байроқларини кўтариб, қасос олишни талаб қилган кўплаб намойишчилар тўпланишди. Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий бу сафар ҳам ҳужумга муносиб жавоб беришга ваъда берди. Эроннинг қасос ҳужуми эҳтимолига жавобан еттита Исроил элчихонаси эвакуация қилинди. АҚШ разведкаси 8-12 апрель кунларида АҚШ ёки Исроил активларига жиддий ҳужум бўлишини тахмин қилганди. 2024 йилнинг 5 апрелида Эрон Исроилга қарши жавоб қайтаришга тайёрланаётганини эълон қилди ва АҚШга икки давлат ўртасидаги можарога бурун тиқмаслигини уқтирди. 2024 йил 13 апрелда Эрон ҳарбийлари “ҳақиқат ваъдаси” деб номланган операцияни бошлади. Ўз тарихида биринчи марта Исроилга ўз тупроғидан ҳужум қилиб, уни 300 дан ортиқ қарама-қарши қуроллар, жумладан камида 170 та учувчисиз дронлар, 30 та қанотли ракеталар ва 120 баллистик ракеталар билан ўққа тутди. Эрон расмийлари қасос олинганини эълон қилди. Тарихдаги энг йирик дрон ҳужуми Эроннинг ғалабаси, Исроилнинг эса мағлубияти деб таърифланди. Бироқ кейинроқ маълум бўлдики, Исроилнинг агрессив режимини бошдан оёқ ҳимоя қилувчи “темир гумбаз” ҳаво мудофааси тизими Эрондан учирилган деярли барча қуролларни ўз мақсадларига эришишдан олдин тутиб қолган ва йўқ қилган. Исроил ҳарбийлари, ракеталарнинг катта қисми АҚШ, Буюк Британия ва Франция ёрдами билан мамлакат чегараларидан ташқарида тутиб олинганини айтди. Иордания ҳам Исроилга қаратилган ракеталарнинг бир қисмини улар мамлакат ҳаво ҳудудидан учиб ўтаётганда уриб туширди. Ҳужум пайтида Исроил бўйлаб шаҳарларда, жумладан Тель-Авивда портлашлар эшитилди. Исроил жанубидаги базада инфратузилмага кичик зарар етгани айтилди. Шунингдек, 300 дан ортиқ турли қуроллар билан уюштирилган ҳаво ҳужумида қурбонлар йўқлиги ва етти ёшли қиз ракета парчалари билан оғир яралангани ва бошқалар енгил жароҳатлар олгани маълум қилинди.

Эрон бу ҳужум орқали бир неча йиллардан буён давом этиб келаётган Исроил провокациялари ва АҚШнинг босимларига ўзига хос жавоб бергандек таассурот уйғотди. Негаки, экспертлар Хоманаийнинг суст жавоби АҚШ ва Исроил учун айни муддао бўлиб келаётгани форсларнинг юқори мартабали шахсларига нисбатан уюштириб келинаётган суиқасдлар расмий Теҳроннинг жиддий жавоби билангина тўхташини тахмин қилганди. Зоҳидийнинг ўлими баҳосида ими-жимида шундай жавоб ҳам қайтарилди. Аммо…

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мазкур ҳужумдан сўнг твит орқали Исроил “ғалаба қозонади” деди. Аввалроқ у халққа мурожаат қилиб, ҳарбийлар ҳар қандай сценарийга тайёр эканини таъкидлаганди. Нетаньяху ва Мудофаа вазири Йоав Галлант ва бир қанча масъул шахслар Эроннинг ушбу ракета ҳужумларига жавоб беришни муҳокама қилиш учун йиғилди. Аммо жавоб зарбаси қачон ва қайта тарзда амалга оширилиши ҳақида ҳеч қандай маълумотлар берилмади. Бироқ Эроннинг Исроилга уюштирган кенг кўламдаги ҳаво ҳужумидан роппа-роса бир ой ўтиб, жорий йилнинг 19 май куни Шарқий Озарбайжон вилоятида Эрон Президенти ўтирган вертолёт ҳалокатга учради. Унда Раисий билан бирга Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳокими Малик Раҳмати ва Табриз шаҳрининг имоми Муҳаммад Али Ал Ҳошим ҳам ҳалок бўлди. Одатда мамлакатдаги оддий намойишлар бўлсин ёки катта йўқотишларга сабаб бўладиган воқеалар, фожиаларда биринчи дақиқалардаёқ ва етарли фактларсиз очиқдан-очиқ АҚШни ва унинг вассали бўлган Исроилни айблаб чиқадиган Эрон бу сафар Раисий ва бошқа муҳим шахсларнинг ўлимини ноқулай об-ҳавонинг учишга халал бергани-ю, вертолётнинг техник носозлиги каби омиллар билан боғлади.

Исмоил Хония

ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг марҳум раҳбари Исмоил Хония АҚШ ва Исроилнинг томоғига тиқилган ва уни яхшигина қийнаётган суяк эди. У ортда қолган 10 ой давомида агрессив ва қотил Исроилни яхшигина савалади. Хонияни ўз йўлидан олиб ташлаш учун расмий Тель-Авив бир қанча усуллардан фойдаланди. Дастлаб унинг оила аъзолари ва энг яқин инсонлари бирин-кетин йўқ қилинди. Бироқ Хониянинг тўхташидан дарак йўқ эди. Аммо жорий йилнинг 31 июль куни, бундан бир ҳафта муқаддам Исмоил Хонияни руҳан йўқ қила олмаганлар, бу ишни жисмонан амалга оширди. Мудҳиш воқеа Эрон пойтахти Теҳронда содир бўлди. Исроилнинг Фаластин халқи ва Ғазо секторига бўлган тажовузига қарши мардонавор туришга ўз умрини бағишлаган қаҳрамон катта эҳтимол Исроил разведкаси Mоссад томонидан ўлдирилди. Марҳум ҲАМАС бюроси етакчиси Исмоил Хония янги сайланган Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиённинг инаугурация маросимида қатнашиш учун мамлакат пойтахтида ҳозир бўлганди. Унга қарши уюштирилган суиқасд 31 июлга ўтар кечаси тунда содир этилди. У билан бирга воқеа жойида бир нафар тан соқчиси ҳам вафот этди.

Эрон томонининг маълум қилишича, Хония ҳаво ҳужуми оқибатида ўлдирилган. Бироқ ғарб нашрлари унинг ўлимига меҳмон уйига олдиндан жойлаштирилган бомба сабаб бўлганини, Моссад бомбани жойлаштириш учун Эрон агентларини ёллаганини ёзмоқда. Расмий Теҳрон эса бу версияни рад этмоқда. Бироқ икки версияда ҳам Хониянинг ўлими ортида Исроил тургани айтилади. 

Таҳлилчиларга кўра, ҲАМАС етакчиси Исроил томонидан ўзи доимий истиқомат қилиб келаётган Қатарда ҳам ўлдирилиши мумкин эди. Аммо яҳудий давлати Эронга нисбатан провокация уюштирган ҳолда, уни катта можарога тортиш мақсадида бу ишни айнан Теҳронда амалга оширган. Ўз навбатида расмий Теҳрон ҳам Хониянинг айнан мамлакат пойтахтида ўлдирилгани учун Исроилдан қасос олишга бел боғлади. Аммо Қўшма Штатлар Эронни бундай қарор қабул қилишдан тийиш учун ҳаракат қилаётгани айтилмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта пайшанба кун АҚШ делегацияси Туркиядан шахсий самолётда яширинча Эронга жўнаб, Теҳрон яқинидаги Каран шаҳрига етиб келган.

Эрон разведкаси ва ташқи сиёсат идораси вакиллари билан икки соатлик учрашувда Америка томони Оқ уй Хониянинг ўлдирилишидан бехабар бўлгани, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг ҳаракатларидан хавотирда экани ва у аллақачон назорат чиқиб кетгани, Эрон эса бу шароитда вазмин бўлиши лозимлигини уқтирган. Делегация шунингдек, Байденнинг позициясини ҳам айтиб, у Эрон билан урушни истамаслиги ва Нетаньяхунинг ҳаракатларидан норози эканлигини ҳам Эрон томонга етказган. Аммо музокара сўнгида Исроилга ҳужум қилинган тақдирда, АҚШ уни ҳимоя қилиши, аммо улар катта урушдан қочишга интилишларини ҳам қатъий тарзда таъкидлаганликлари айтилмоқда. Бироқ бунгача Эрон бир тўхтамга келиб бўлгандек таассурот уйғонмоқда. Сабаби, ҳозиргача Теҳрон АҚШнинг бирон бир хабарига ва воситачи мамлакатларнинг Исроилга қарши ҳарбий жавобни юмшатиш ҳақидаги илтимосларига ижобий жавоб бермаган.

Шунингдек, аноним дипломатик манбаларнинг “The Wall Street Journal”га маълум қилишича, расмий Теҳрон АҚШ ҳамда Араб дипломатларига Эроннинг Исроилга қарши ҳарбий жавоби катта урушга олиб келиши ёки келмаслиги уни ортиқ қизиқтирмаслигини билдирган. Воқеаларни бундай тус олиши Эрон эндиликда ташқи таъсирларга қўл силтаганча ўзи тўғри деб билган йўлни танлашига ишора қилмоқда. Унинг Исроилга ҳужум қилиши ва Нетаньяху режимидан шу кунгача қилган қинғирликлари учун ўч олиши бирон бир қонуний қўллов керак эди холос. Бундай қўллов аллақачон Эрон расмийларида мавжуд.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Хонияга қилинган қотиллик юзасидан терговнинг якуний хулосасига кўра, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари оғирлиги тахминан 7 кг бўлган жанговар каллакли қисқа масофага учувчи ўқ билан ўлдирилган. Корпуснинг баёнотида Хониянинг ўлдирилиши Исроил томонидан АҚШ ҳукумати кўмагида уюштирилгани ҳам таъкидланди.

“Ушбу ҳаракат сионистик режим томонидан ишлаб чиқилган ва амалга оширилган, шунингдек, Американинг жиноий ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланган. Авантюрист ва террорчи сионистик режим бу жинояти учун жавоб беради ва ўз вақтида, тегишли жойда ва муносиб тарзда қаттиқ жазоланади”, дейилади баёнотда.

Энди форс етакчилари олдида бу иш учун Исроилдан ўч олиш куни ва бу қасос қандай шароитда амалга оширилиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга якдил жавоб бериш қолди холос. Айрим нашрларнинг тахминига кўра, Эрон ҲАМАС сиёсий етакчиси Исмоил Хониянинг ўлими учун ўч олиш мақсадида бугун, 5 август куни Исроилга ҳужум қилиши мумкин. Бу фақатгина Хония учун эмас, балки у билан деярли бир вақтда ўлдирилган “Ҳизбуллоҳ” қўмондони Фуад Шукр учун ҳам олинажак қасос бўлиши кутилмоқда. Аммо америкалик расмийлар Эроннинг жавоб ҳаракатлари 13 апрель куни Исроилга қилинган жорий апрелдаги ракета ва дронлар ҳужуми сценарийси бўйича амалга оширилишини айтди. Бироқ бу сафарги ҳужум кенгроқ миқёсда ва “Ҳизбуллоҳ” иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Эрон ҳар гал Исроил ва АҚШдан қасос олиш учун аҳд қилганда, бунинг амалга ошиш ёки ошмаслиги катта сўроқ остида бўлиб келди. Хониянинг Теҳронда ўлдирилиши учун айтилган қасоснинг олиниши ҳам номаълум. Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жиддий риторикаси ва берган ваъдасига қарамай, бу ишнинг амалга ошиши 100 фоизлик ишонч доирасида эмас. Зотан, ўтган йиллар давомидаги воқеликлар ва Эроннинг сўзда бор амалда йўқ қасослари шундай хулосага олиб келади. Аммо бу сафарги вазият ва шароит олдингиларидан кескин фарқ қилишини ҳам унутмаслик керак. Негаки ортда қолган кунларда Исроил тўғридан-тўғри Эроннинг юраги Теҳронга зарба берди. Бу эса Нетаньяху қизил чизиқни қўпол тарзда бузганлигини англатади. Бироқ шундай бўлишига қарамай Хония ва ортда қолган йилларда кўп эҳтимол АҚШ ва Исроил томонидан йўқ қилинган эронлик юқори мартабали шахсларнинг ўлими учун хунлар олинмай қолганида Эронни танқид остига олиш унчалик ҳам тўғри бўлмайди. Негаки, расмий Теҳроннинг бу вазминлигини ожизлик эмас, балки сиёсий прагматизм билан боғлаш тўғрироқ бўлади. У қандай давлат бўлмасин халқаро муносабатларда тинчликка интилиш ва йирик эскалациядан қочиш ҳар бир ҳукуматнинг асосий истагидир, айниқса Эрон шароитида. Зеро, ҳар қандай уруш ва сиёсий беқарорлик куч ва темир мушт билан бошқариладиган исталган тузум учун жиддий талафотлар етказади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг