Қашқадарёда ЙПХ ходимини видеога олган шахс 7 суткага қамалди (видео)
Crime
−
11:33 813 1 minute
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида йўл-патруль хизмати ходими билан суҳбатини видеога олиб, Instagram’га жойлаган фуқаро 7 суткага маъмурий қамоққа олинди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро жорий йилнинг 5 октябрь куни Чироқчи деҳқон бозори олдида ЙПХ инспекторлари томонидан ўтказилаётган рейд вақтида тўхтатилган. Унга нисбатан текширув ўтказилган ва жараён давомида ЙПХ ходими билан суҳбат видеога олинган.
Шундан сўнг, фуқаро видеони Instagram’даги саҳифасига жойлаган. Кейинчалик у видеони ижтимоий тармоққа жойлаганидан пушаймонлигини билдириб, узр сўраган ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган.
Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан фуқаронинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилган. Жиноят ишлари бўйича Чироқчи туман суди томонидан унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) асосида 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Суд қарорига кўра, фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини фото ва видео тасвирга олиб, уни обрўсизлантириш мақсадида тарқатганликда айбдор деб топилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарёда ЙПХ ходимининг хизмат фаолиятига оид видеони ижтимоий тармоқда тарқатган фуқарога 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All