Қашқадарёда экскаватор сабаб 28 мингдан ортиқ аҳоли газсиз қолди
Жамият
−
12 Февраль
4582Қашқадарё вилоятида номаълум экскаватор томонидан олиб борилган ер қазиш ишларини бажариш вақтида газ қувурига шикаст етказилгани сабаб 28 мингдан ошиқ аҳоли газсиз қолди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, вилоятдаги “Карактай” газ қувури тармоғининг муҳофаза майдонида номаълум экскаватор томонидан олиб борилган ер қазиш ишларини бажариш вақтида газ қувурига шикаст етказилган. Носозликни бартараф этиш мақсадида бугун, 12 февраль куни Карактай газ қувури тармоғидан табиий газ таъминотини амалга оширувчи “Жалилбек” ва “Карактай” газ тақсимлаш станцияларининг фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Шу муносабат билан Қашқадарё вилоятининг қуйидаги ҳудудларидаги 28 229 та аҳоли ва 716 та улгуржи истеъмолчиларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилган:
- Қарши шаҳри “Арабхона”, “Шайхали”, “Насаф”, “Дарвозатутак”, “Қарлиқхона”, “Геолог”, “Отчопар”, “Зоғза”, “Қўрғонча”, “Наврўз”, “Чақар”, “Чармгар”, “Боғишамол”, “Эскианҳор”, “Рогузар”, “Самарқанд”, “Янги Чаман”, “Арал”, “Худойзод”, “Қарлиқбағот”, “Гулшан”, Алишер Навоий, “Кунчиқар”, “Комилон”, “Беклар”, “Маҳсумобод”, “Маҳаллот”, “Тараққиёт”, “Мустақиллик”, “Равоқ” МФЙлари ва 1-2-м/т.
- Қарши тумани “Боғобод”, “Ертепа”, “Кўчкак”, “Мустақиллик қўрғони”, “Парғўза” МФЙлари.
- Косон тумани “Кўлбуқа”, “Хўжақўрғон”, “Насаф” МФЙлари.
“Таъмирлаш ишлари якунлангандан сўнг газ таъминоти қайта тикланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Nexia ҳайдовчиси устунга урилиши оқибатида 200 хонадон электрсиз қолганди.
LiveБарчаси