Қашқадарёда “банкир”ларнинг фирибгарлик схемаси фош этилди
3-саҳифа
−
15 июл 8420 2 дақиқа
Қашқадарё вилоятида омонат ҳамда кредит маблағларини ўзлаштирган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Китоб тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкларидан бирининг ҳудудий бошқармаси етакчи мутахассиси Д.Ш. банкда юқори фоизли омонат тури мавжудлигини айтиб, икки нафар фуқарони алдагани аниқланган. У фуқаролардан жами 19 минг АҚШ доллари ва 300 миллион сўмни олиб, банкка омонат сифатида қўймасдан ўзлаштиргани маълум бўлган.
Шунингдек, Кўкдала туманида ўтказилган терговга қадар текширувда тижорат банкларидан бирининг собиқ маҳалла агенти А.Б. банкдаги танишлари орқали фуқаро номига 60 миллион сўм кредит ажратиб беришни ваъда қилиб, ундан 300 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион сўм олган. У ажратилган 60 миллион сўмлик кредит маблағларини ҳам ўзлаштиргани қайд этилган. Текширув давомида ушбу маблағларнинг 2 миллион сўми қайтарилиб, бу ҳолат процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Яна бир ҳолат Муборак туманида содир этилган. Унга кўра, тижорат банкларидан бирининг Муборак филиалида собиқ маҳалла агенти бўлиб ишлаган Г.А. фуқаронинг ишончига кириб, қалбаки ҳужжатлар ёрдамида унинг номига 47 миллион сўм кредит расмийлаштирган ва маблағни ўзлаштирган. Текширув давомида мазкур кредит банкка тўлиқ қайтарилган.
Қайд этилишича, барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона шаҳрида тадбиркорлик субъекти раҳбари банкдан ажратилган 1,5 млрд сўмлик кредит маблағларини ўзлаштиргани ҳақида хабар берилганди.