Қашқадарёда 50 минг сўм учун машҳур самбочи отиб ўлдирилди
3-саҳифа
−
01 Апрель
21311Қашқадарёда самбочи Тўра Авлоқулов қўлбола усулда ясалган қуролдан олган жароҳати туфайли шифохонада вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Маълум бўлишича, ҳодиса 2024 йилнинг 29 март куни содир бўлган. Шаҳрисабз шаҳар "Қўшхона" МФЙда яшовчи Ш.У. соат 15:00 ларда ўзи бошқарувидаги Damas русумли автомашинасида кетаётиб, ўзига олдиндан таниш бўлган Р.Ш.ни кўриб қолган. Улар биргаликда Шаҳрисабз шаҳридаги "Лола" кафесида спиртли ичимлик истеъмол қилган. Тахминан бир соатлардан кейин ушбу кафедан чиқиб, улфатлар "Синабоғ" МФЙ ҳудудига борганида, у ерда ўзларига олдиндан таниш бўлган Тўра Авлоқуловни кўриб қолган.
Шундан сўнг, таниқли самбочини автомашинасига миндириб, учаласи спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида Оқдарё маҳалла фуқаролар йиғинидаги "С.У." МЧЖга қарашли ошхонага бориб, яна спиртли ичимлик ичган.
Зиёфат пулини тўлашга келганда У.Ш. Тўра Авлоқуловга 50 минг сўм берганлигини, шу боис овқатланиш харажатини у тўлаши кераклигини айтган. Бироқ Авлоқулов унга "миннатли" пулини қайтариб берган. Бундан ғазабланган У.Ш. Авлоқуловга "Пулни чўнтагингга солиб қўй" қабилидаги зарда билан автомашинасидан қўлбола қуролини олиб келган ва унинг бошига қарата ўқ узган.
Оқибатда, Тўра Авлоқулов Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Унга ўқ узган фуқаро ҳодиса жойидан қочмоқчи бўлиб, тахминан 500 метр йўл босгач, туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан тўхтатилган.
Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси маълумотномасида Тўра Авлоқуловнинг танасида "очиқ бош мия жароҳати, бош мия ичидаги металл ва суяк парчалари, чап пешона суягининг парчаланиб синиши, чап қош устида эзилиб йиртилган жароҳатлар бор"лиги, аҳволи ўта оғир даражада эканлиги қайд этилган. Оқибатда спортчи шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Шаҳрисабз туман прокуратураси томонидан фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми "д" ва "л" бандлари (безорилик оқибатида, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли бўлган усулда қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь