Қашқадарёда 2 баҳо қўйган ўқитувчи дўппосланди. Зўравонлар бегона эмас
3-саҳифа
−
10 Апрель 2021
11597Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани 134-умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев жорий йилнинг 6 апрель куни ўқувчилардан бирининг акалари томонидан дўппосланди. Бу ҳақда маҳаллий нашр “Nasafnews” хабар бермоқда.
Ўқитувчи Шоҳнур Оққўзиев 6-А синфига инглиз тили фанидан дарсга кирган. Ўқувчилар дарсга тайёргарлик кўрмагани боис ўқитувчи уларни паст баҳо қўйиш билан жазолаган. 6 ёки 7 нафар ўқувчига журналга 3 баҳо, кундаликларга эса ота-оналари хабар топиши учун 2 баҳо қўйган. Кейин ўқувчилардан бири норози бўлиб, чиқиб кетган ва дарс тугагандан сўнг устозининг ёнига қайтиб, акаси чақираётганини айтган. Ўқитувчи ота-оналардан бири келган бўлса керак, деган гумонда пастга тушган ўқитувчи 3 нафар йигитга дуч келган. Бу йигитлар ўқитувчини зўравонликда айблаб, калтаклашга тушган. Табиийки, ўқитувчининг 3 кишига кучи етмаган.. Йигитлардан бири бири уни бўғиши натижасида ўқитувчи хушидан кетган.
Калтакланган ўқитувчи Шоҳнур Оққўзиевнинг айтишича, жанжални мактаб ўқитувчилари тўхтатиб қолган. Ўқувчининг акалари эса кетаётиб, "кечаси сўйиб кетиш" билан ҳам таҳдид қилган.
Энг қизиғи, 2 баҳо олиб, акаларини етаклаб келган ўқувчи мактабнинг маънавий- маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Абдуносир Ҳошимовнинг ўғли ва уни калтаклаган йигитлар эса мактабнинг собиқ ўқувчилари экани айтилмоқда.
Жабрланган ўқитувчининг онасига кўра, ўғли 4-курсдалигида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев "чекка ҳудудга бориб дарс бериш" эвазига контрактини тўлаб берган. Шу боис у Қарши туманидан 100 км узоқда жойлашган Чироқчи туманига қатнаб, инглиз тили ўқитувчиси бўлиб ишлаётган эди.
Маълум бўлишича, айни пайтда Шоҳнур Оққўзиев вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Нейрохирургия бўлимида даволанмоқда. Унинг билаклари, бели ва оёғига жиддий шикаст етказилган.
"Умакай" маҳалласи профилактика инспектори Сардор Аҳмадов ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётганини ва ҳуқуқбузарларга экспертиза натижасига қараб чора кўрилишини маълум қилган.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь