Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари вафот этди

Жамият

image

Қашқадарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Шерали Нурматов вафот этди. Бу ҳақда бошқарма ўзининг Telegram’даги каналида хабар берди. Қайд этилишича, у вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги COVID-19 коронавирусга қарши кураш мувофиқлаштирувчи штаби раҳбари бўлган. 

Шерали Нурматов 1959 йилда Нишон туманида туғилган. Ўрта Осиё медицина педиатрия институтида таҳсил олган. Қарши шаҳридаги 1-сон болалар поликлиникасида шифокор, Нишон тумани марказий шифохонаси участка педиатри, Қарши шаҳридаги 2-сон болалар поликлиникасида врач-педиатр, бош врач муовини, Қарши шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими бош педиатри, бош врач муовини, Қарши шаҳар марказий шифохонаси бош врачи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, вилоят қон хизмати бошлиғи лавозимларида меҳнат қилди. 2017 йилдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган эди.

“Кейинги йилларда Шерали Нурматов раҳбарлигида вилоятда оналик ва болаликни муҳофазалаш борасида бир қатор ютуқларга эришилди. Хусусан, гўдаклар ўлими кўрсаткичи 1000 туғилишга нисбатан 2017 йилда 8,5 промиллени ташкил этган бўлса, 2018 йилда 7,8, 2019 йилда эса 6,5 промиллегача камайди. Оналар ўлими эса ҳар 100 000 туғилишга нисбатан 2017 йилда 28,0 , 2018 йилда 19,7, 2019 йилда 16,9 промиллени ташкил этди.

Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида “Она ва бола” скрининг марказлари, кўп тармоқли марказий поликникаларда аёллар маслаҳатгоҳлари ва қизлар саломатлик марказларининг ташкил этилишида Шерали Нурматов алоҳида жонбозлик ва ташаббускорлик кўрсатди. Шунингдек, унинг ташаббуси билан Китоб тумани ва Қарши шаҳри кўп тармоқли марказий поликлиникаларида вилоятда илк маротаба “Электрон поликлиника” тизими намунавий тарзда йўлга қўйилди”, дейилади бошқарма хабарида. 

Хабарда 61 яшар Шерали Нурматовнинг вафотига нима сабаб бўлгани айтилмаган. 

QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шерали Нурматов

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар