Қашқадарё ва Сурхондарёда жиноятни яширишга уринган мансабдорлар пора билан ушланди
3-саҳифа
−
09 Сентябрь
12117Қашқадарёда ноқонуний равишда қум қазиб олиш ҳолатини, Сурхондарё вилоятида эса қурилиш ишлари бўйича жиноятни ошкор қилмаслик учун пора олган мансабдор шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги “Хавфсиз дарё бошқармаси” давлат муассасасининг Қашқадарё вилояти бўлинмаси мансабдор ходими Қарши туманида истиқомат қилувчи фуқаро томонидан махсус техникалар ёрдамида “Қашқадарё” дарёси атрофидан ноқонуний равишда қум қазиб олаётганлик ҳолатини аниқлаган. Мансабдор унга нисбатан чора кўрмаслик ва ушбу ноқонуний ҳолат юзасидан жарима майдончасига жойлаштирилган экскаватор-юклагич техникасини чиқариб бериш, шунингдек, келгусида қум қазиб олишда раҳнамолик қилиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Сурхондарё вилоятидаги ҳолатда эса қурилиш объектларида назорат-ўлчов фаолиятини амалга оширувчи МЧЖнинг етакчи мутахассиси, Жиззах вилоятида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жорий йилнинг май ойида прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, ушбу МЧЖ томонидан Янгиобод туманида амалга оширилган қурилиш ишлари бўйича ўтказилган назорат ўлчовида аниқланган қўшиб ёзиш ҳолатларини текширув хулосасида кўрсатмасликни ваъда қилган. Танишлари орқали тергов жараёнларида енгиллик яратиб бериш эвазига ундан 400 миллион сўм талаб қилган ва пулнинг 150 миллион сўмини олган вақтида ушланди.
Ҳолат бўйича унга нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ҳамда 28,211-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ва Жиззах вилоятларида ҳоким ёрдамчилари пора билан ушланганди.
LiveБарчаси