Қашқадарё руҳий касалликлар диспансерида ноқонуний ишлар бўлаётгани айтилмоқда
Жамият
−
05 Октябрь 2021
11559Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоят асаб-руҳий касалликлари диспансерининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари томонидан мазкур шифохонада қонунга зид ишлар бўлаётгани айтилган хабарлар тарқалди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати мазкур хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Қарши шаҳрида жойлашган вилоят 1-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерининг бир гуруҳ тиббиёт ходимлари ижтимоий тармоқлар орқали Бош прокурор номига мурожаат билан чиққан.
Улар ўз мурожаатида мазкур шифохонада айрим қонунга зид ишлар бўлаётгани ҳақида маълум қилган. Жумладан, диспансерда бир штатга 5-6 нафардан ходим тўғри келса-да, яна янги ходимлар ишга олинаётгани, ташқи ўриндош ходимлар орасида “ўлик жон”лар мавжудлиги, врач-стоматолог муассасанинг тиббий ускуналаридан фойдаланган ҳолда аҳолига пуллик хизмат кўрсатаётгани, дори-дармон ва озиқ-овқат таъминотида ҳам муаммолар борлиги айтилган.
Қайд этилишича, мазкур мурожаат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан назоратга олинган ва ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Мазкур мурожаат бошқармамиз томонидан тегишли тартибда назоратга олинди. Бу борада мутасадди идоралар ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш якуни бўйича маълумотлар эълон қилинади”, дейилади муносабатда.
LiveБарчаси