Қашқадарёда 9 киши заҳарланди. Ўзбекистонда ҳақиқий қиш бошланди
Жамият
−
27 Ноябрь 2019
7911Ўзбекистонда қиш, совуқ кунлар бошлаганини нафақат об-ҳаво маълумотларидан, балки ис гази ва бошқа иситиш воситаларидан заҳарланиб қурбон бўлаётганидан билиш мумкин. Қашқадарёда ана шундай ҳолатдан яна бири қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаевнинг Telegram’даги канали орқали хабар беришича, беш киши кўмир, тўрт киши тандир чўғидан заҳарланган.
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига бир оиланинг 5 нафар аъзоси ис газидан заҳарланган ҳолда келтирилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Қарши шаҳри Кат маҳалласидан 37 ёшли Ш.Т., 32 ёшли Г.Х., 13 ёшли Ш.Н., 11 ёшли Ш.Н. ва 4 ёшли Э.Н. хонадонда кўмир ёқиш натижасида ис газидан ўрта оғир даражада заҳарланишган.
Маълум бўлишича, хонадон соҳибининг кечқурун кўмир чўғида кабоб тайёрлагани ва қолган чўғни уйга олиб кириб қўйганлиги мазкур нохуш ҳодисага сабаб бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, жорий йилнинг 26 ноябрь куни тахминан соат 22:00 ларда Қарши тумани Парғуза қишлоғилик Ш.Б. хонадонида тўрт киши ис газидан заҳарланганлиги қайд этилган.
Аниқланишича, ушбу нохуш ҳодисага тандирда ёқилган ўтин чўғи уйга олиб кирилганлиги сабаб бўлган.
Мазкур оиладан хонадон соҳиби, 45 ёшли Ш.Б. енгил заҳарланган, унга амбулатор ёрдам кўрсатилган. Оиланинг бошқа аъзолари 41 ёшли Т.В., 17 ёшли Ж.Т., 9 ёшли Ш.Т. ис газидан ўткир заҳарланиш ўрта оғир даражаси ташхиси билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига ётқизилган.
Маълум қилинишича, беморларга тажрибали шифокорлар томонидан малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.