Қарши тумани собиқ ҳокимининг қамоққа олингани рад этилди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Қарши туманининг собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, қамоққа олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти прокуратураси матбуот хизмати изоҳ берди.

Қайд этилишича, Қарши тумани прокуратураси томонидан 4 миллиард 198 миллион сўм миқдоридаги субсидия маблағлари талон-торож қилингани ҳолати бўйича Қарши туман ҳокими собиқ ўринбосари, қишлоқ хўжалиги ва ирригация бўлимлари бошлиқлари жами 3 нафар шахс Жиноят кодексининг 167 ва 209-моддалари билан айбланиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур жиноят иши бўйича Қарши туманининг собиқ ҳокими Мақсуда Мустафоева айбланувчи сифатида жалб қилинмаган.

“Айрим шахслар томонидан ижтимоий тармоқларда собиқ ҳоким жиноий иш доирасида айбдор деб топилиб, қамоққа олингани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда. Шунга кўра, аҳоли орасида ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш тегишли жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Мақсуда Мустафоева 2020 йил март ойида Қарши тумани ҳокими этиб тайинланиб, 2022 йил 6 февраль куни ишдан бўшатилган.

2021 йилда яъни Қарши тумани ҳокими сифатида ишлаган даврида Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори билан Мақсуда Мустафоева ҳайфсан интизомий жазосини олган.

Унинг жазоланишига учта хатоси сабаб бўлган:

● Президент қабулхонаси ва Виртуал қабулхоналарга Қарши тумани аҳолисидан келиб тушган мурожаатлар 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 67 фоизга кўпайгани; 

● 18 та сайлов участкаси мутлақо талабга жавоб бермаётгани; 

● ҳоким ва сектор раҳбарлари жойига чиқиб, оғир ҳудуддаги участкалар билан қизиқмагани, у ерга умуман бормагани, ишларни ташкил этишда бефарқ бўлгани.
 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг