Қария Назарбоев президентлик сайловларида қатнаша оладими?

Олам

image

Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев кузда бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларида иштирок эта олмайди. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни Қозоғистон Адлия вазири ўринбосари Алма Муканова парламент йиғилишида маълум қилди.

Қозоғистон Конституциясининг амалдаги нормасига кўра, Президент кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас. Ваҳоланки, аввалроқ биринчи Президент мақоми тўғрисидаги қонунда Назарбоевга чексиз кўп марта сайланиш имконини берувчи банд бор эди.

“Республика референдумида қабул қилинган ўзгартиришларга кўра, Конституциядан президентликка кетма-кет икки мартадан ортиқ сайланиш талаби биринчи Президентга тааллуқли эмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланди”, дейди Муканова.

Бундан келиб чиқадики, Нурсултон Назарбоев бўлажак навбатдан ташқари президентлик сайловларида давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини илгари сура олмайди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 сентябрь куни Қозоғистоннинг амалдаги Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайлови, 2023 йилнинг биринчи ярмида эса парламентга навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини маълум қилган эди.

Шунингдек, давлат раҳбари президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни таклиф қилган.

Маълумот ўрнида, 2019 йил 19 март куни Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлат раҳбари лавозимини тарк этди. Эртаси куни Қозоғистон Сенатининг (парламент юқори палатаси) собиқ раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев қасамёд қилиб, мамлакат Президенти лавозимига киришди. Қозоғистонда 2019 йил 9 июнь куни навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди ва унда Тўқаев 70,96 фоиз овоз тўплаган ҳолда ғалаба қозонди. Республикада Президент сайлови ҳар беш йилда бир марта ўтказиларди.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

138

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг