Қорабоғда 30 йил қотган қон ёхуд Озарбайжон қандай ғалаба қилди?
Таҳлил
−
10 Ноябрь 2022
50020Уруш, одамларни уйини тарк этишга, яқинларини қон ичида кўришга, онани жигарпорасидан айрилишига, аёлларни бева, фарзандларни етим бўлишга сабаб бўлади. Озарбайжон ва Арманистоннинг узоқ тарихга бориб тақаладиган низолари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни яна оловланди. 44 кун давом этган Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар роппа-роса 2 йил олдин, аниқроғи 2020 йилнинг 9 ноябрдан 10 ноябрига ўтар кечаси Озарбайжон, Арманистон ва Россия давлат раҳбарларининг “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида”ги баёнотни имзолаши билан якунига етганди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Қорабоғ кимга тегишли?
Қайд этиш керакки, 2020 йилнинг 27 сентябрь куни Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бошланганида бир савол тез-тез муҳокама мавзусига айланди: Қорабоғ аслида кимга, қайси давлатга тегишли? Табиийки, ушбу муҳокамаларда Арманистоннинг ҳам, Озарбайжоннинг ҳам тарафида турувчи ОАВ ёки тарихчи олимлар етарлича топилди. Баъзилар Қорабоғда тарихан арманлар яшаб келганини иддао қилса, бошқалар ушбу ҳудудлар сўзсиз озарларга тегишли эканини таъкидлади. Лекин ушбу муҳокамаларда баландроқ овозга эга бўлган бошқа бир далил бор. Гап шундаки, жаҳон ҳамжамияти Қорабоғни Озарбайжонники деб тан олган. Агар бирор бир ҳудуднинг тақдири у ерда қайсидир бир халқ ёки миллатнинг яшагани билан белгиланадиган бўлса, унда дунёнинг сиёсий харитаси ҳозирги кўринишидан анча фарқ қилиш керак бўлади.
Жаҳон ҳамжамиятида эса Қорабоғни Озарбайжон ҳудуди деб ҳисоблаши учун етарлича ҳуқуқий сабаблар бор. Биринчи Жаҳон урушидан сўнг, Кавказортида катта таъсирга эга бўлган Буюк Бритиния ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Қорабоғнинг Озарбайжон таркибида бўлишини маъқул деб топган. Шунингдек, 1920 йилги Париж Тинчлик Конференциясида ҳам Қорабоғ тақдири Озарбайжон фойдасига ҳал қилинган. 1920 йилги “советлаштириш”дан кейин ҳам Тоғли Қорабоғ Озарбайжон ССР таркибида қолдирилган. Ҳатто, 1923 йилда Тоғли Қорабоғ автоном вилоят деб эълон қилинганда ҳам у Озарбайжон ССР таркибида қолган.
Нега можаро айнан 2020 йилда ва кузда авж олди?
Жанубий Кавказ бўйича мутахассислар Қорабоғда Озарбайжон ва Арманистон ўртасида фаол ҳарбий ҳаракатларнинг 2020 йил кузида бошланланишига кўплаб омиллар таъсир кўрсатганини таъкидлайди. Жумладан, ушбу даврга келиб Озарбайжон Арманистонга нисбатан катта ҳарбий устунликка эга бўлди. Хусусан, 2000-йилларда нефть саноати ривожланишидаги “бум” ва олинган катта даромадлар Озарбайжонга яхши тайёрланган ва қуролланган армия ташкил қилишга ёрдам берди.
Сурия ва Ливиядаги можароларга муваффақиятли аралашувидан сўнг Туркиянинг минтақадаги таъсири кескин ошганди. Яқин иттифоқчи ҳисобланган расмий Анқаранинг тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаши Озарбайжон раҳбариятида муваффақиятга эришишга ишонч уйғотди.
Бошқа томондан дунёнинг етакчи давлатлари коронавирус инқирози билан овора бўлиб қолганди. Хусусан, пандемиядан чуқур азият чекаётган Қўшма Штатларда бошқа масала – президентлик сайловлари сиёсий раҳбариятнинг асосий эътиборида бўлиб турганди. Бундан ташқари, Дональд Трампнинг бошқаруви даврида расмий Вашингтон ташқи сиёсатда кўпроқ протекционизмни қўллади. Шу билан бирга, АҚШнинг эътибор марказида Қорабоғдаги можаро эмас, балки Хитой билан рақобат турарди.
Европа Иттифоқига келадиган бўлсак, иттифоқ бу масалада минтақада катта таъсирга эга эмаслигини очиқ-ойдин тан олган. Бундан ташқари, ЕИ муаммони ҳал қилишни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 1992 йилда тузилган “Минск гуруҳи”га (Россия, Франция, АҚШ) ташлаб қўйганди. Бироқ қарийб 30 йилдан буён ушбу гуруҳ низони ҳал этиш учун аниқ қадам ташламаган.
Ниҳоят, кўпчилик экспертлар Қорабоғ тоғли жой эканлигини, қиш келиши билан ҳарбий техникани ҳаракатлантириш қийинлашиши, шу сабабли йўллар қор остида қолишидан олдин операция ўтказиш Озарбайжон учун энг маъқул йўл бўлганини таъкидлаган.
Россия Қорабоғ можаросида довдираб қолдими?
Россия ҳам Арманистон, ҳам Озарбайжон билан кўп асрлик тарихга эга. Бундан ташқари, ҳар икки республика бир вақтлар СССР таркибида бўлган. Шу билан бирга, географик жиҳатдан улар Кавказортида, аниқроғи Россиянинг шундоққина “биқини”да жойлашган.
Россия ҳар икки давлатга ҳам қурол-яроғ етказиб беради. Бундан ташқари, у ЕХҲТ “Минск гуруҳи”нинг ҳамраиси ҳисобланади. Айнан ушбу гуруҳ узоқ йиллардан бери Қорабоғ можаросига ечим топа олмади.
Россия компаниялари Арманистонда йирик иқтисодий активларга эга бўлса, Озарбайжонда нефть саноатига сармоя киритган. Нафақат Арманистон, балки Озарбайжоннинг ҳам кўп сонли фуқаролари Россияда ишлайди. Озарбайжоннинг ўзида ҳам рус миллатига мансуб бўлганлар етарлича топилади. Тахминларга кўра, Россия шу сабабларга кўра Баку ёки Ереванни қўллаб-қувватлаш борасида аниқ позицияни эгаллай олмаган.
Яна шуни қайд этиш керакки, Арманистон ҳудудида Россиянинг йирик ҳарбий базаси жойлашган. Бундан ташқари, Россия ва Арманистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзодир. Бу эса ҳарбий ҳаракатлар вақтида иттифоқчилар бир-бирига ёрдам бериши кераклигини англатади. Мағлуб бўлган Арманистон Озарбайжонга қарши урушда ушбу ташкилотга аъзолигидан умид қилиб, Россиядан ҳарбий ёрдам кутган бўлиши мумкин. Бироқ якунда барчаси бошқача бўлди. Ҳарбий ҳаракатлар бевосита Арманистон ҳудудида кечмагани учун, Кремлдагилар қўлларини чўнтагидан чиқармай, елка қисиб тураверди. Ваҳоланки, Москвага бирор бир сиёсий-ҳарбий жараёнда иштирок этиш учун “баҳона” топиш муаммо эмас, хоҳиш бўлса, бас. Бунинг учун Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида Озарбайжон томонидан Россия ҳарбий вертолётининг уриб туширилишининг ўзи ҳам етарли бўлган бўларди. Устига-устак, вертолёт билан боғлиқ ҳодиса ўз ортидан ҳеч қандай саволлар қолдирмаганди. Чунки Озарбайжон томони айбни ўз бўйнига олиб, узр сўрашга ҳам улгурганди.
Россиянинг ҳаракатсизлигига бошқа бир омил ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бу Озарбайжонни очиқчасига ва яқиндан қўллаб келаётган Туркиядир. Гап шундаки, Туркия НАТОнинг аъзоси ҳисобланади. Аввалбошда ушбу давлатнинг ўзи йирик ҳарбий кучга эга. Боз устига, унинг ортида турган АҚШ етакчилигидаги 30 га яқин давлатларни бирлаштирган ҳарбий альянсни гапирмаса ҳам бўлаверади. Россиянинг Қорабоғ урушига кириши ушбу минтақавий муаммони глобал даражага олиб чиқиши мумкинлиги, эҳтимол, расмий Москвани ҳам ўйлантиргандир.
Тўғри, Россия Қорабоғ уруши якунларида ушбу можарони ҳал қилишда воситачи вазифасини бажарди. Президент Путин уруш якунида ишлаб чиқилган учтомонлама тинчлик келишувини имзолашда қатнашди. Бундан ташқари, Россиянинг қарийб 2 мингга яқин тинчликпарвар контингенти Тоғли Қорабоғ можароси зонасида, алоқа чизиғи бўйлаб жойлаштирилди. Бироқ, буни рус ОАВ каби “Россия дипломатиясининг ғалабаси” деб баҳолаш қанчалик тўғри, хулоса ўзингиздан. Бошқа томондан, Россияга нисбатан ишончли иттифоқчи сифатидаги қараш хира тортгани аниқ.
Туркиянинг Тоғли Қорабоғ урушидаги ўрни ёхуд “бир миллат, икки давлат” сиёсати
Туркия ва Озарбайжон халқлари бир-бирига яқин тарихий ва маданий ришталар билан боғланган, улар бир тил оиласига мансуб онадўли туркчасида гаплашади. Сиёсий жиҳатдан Туркия ҳар доим Озарбайжонни қўллаб-қувватлаган, айниқса, СССР парчаланганидан кейин.
Бундан ташқари, Тукрия ва Озарбайжон қайсидир маънода умимий душманга эга. Бу – Арманистон. Озарлар ва арманлар ўртасидаги совуқчилик Тоғли Қорабоғ билан боғлиқ бўлса, Туркия ва Арманистон ўртасидаги нодўстона муносабатлар “Арманлар геноциди” ҳамда бу борада Анқарага “отилаётган тошлар” ва айбловлар билан боғлиқ. Қайд этиш керакки, Туркия СССРдан ажралиб чиққан Арманистонни биринчилардан бўлиб тан олган бўлса-да, ҳалигача икки ўртада дипломатик алоқалар ўрнатилмаган. Икки давлат 311 километрли умумий чегарага эга бўлишига қарамай, улар на автомобиль ва на темир йўл билан боғланган. Ўзаро савдо эса Грузия ҳудуди орқали амалга оширилади.
Туркия икки давлат билан ўта фарқли муносабатда экани маълум. Тоғли Қорабоғ можаросидаги расмий Анқаранинг роли ҳам шу билан боғлиқ. Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
Иккинчи Қорабоғ урушининг якунлари
Озарбайжон 2020 йилнинг 27 сентябридан 10 ноябрига қадар давом этган Иккинчи Қорабоғ урушида Арманистон устидан ишочнли ғалабага эришди. Биринчи Қорабоғ урушида (1992-1994 йиллар) йўқотилган ҳудудларни қайтариб олинди. Бунинг ортидан Озарбайжонда байрам ва тантана, Арманистонда эса оммавий митинглар бошланиб кетди.
2020 йил 10 ноябрга ўтар кечаси Россия, Арманистон ва Озарбайжон етакчилари Владимир Путин, Никол Пашинян ва Илҳом Алиев келишувга эришдилар, унга кўра можаро томонлари – Ереван ва Баку ўзаро ҳарбий ҳаракатларни амалдаги позициясида тўхтатди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.
Калбажар, Лочин ва Ағдам тумани Озарбайжон назоратига ўтди. Шунингдек, Озарбайжон қўшинлари Шуша шаҳри, Қубадли, Зангилон, Фузули ва Жаброил туманларини озод қилди.
Ўз навбатида, Арманистон Қуролли Кучларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетди. Ўт очишни тўхтатишни таъминлаш учун Россия тинчликпарвар кучлари минтақага кирди. Улар, жумладан, ҳудудни миналардан тозалаш билан шуғулландилар. Шунингдек, уларнинг воситачилигида можаро томонлари ҳарбий маҳбусларни алмашди. Россиялик ҳарбий хизматчилар Қорабоғда камида 2024 йилгача қолади. Улар ҳар уч томоннинг розилиги билан минтақада яна 5 йилга қолиши мумкин.
LiveБарчаси