Қани ниқоб, қани масофа, қани карантинга риоя қилиш? ИИБ ходимлари тартибни бузиши мумкинми?

Жамият

image

Бугун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги нашри бўлган postda.uz сайтида Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Тожик қишлоғида яшовчи  Ўринбой ота Шарипов  бу йил 98 баҳорни қарши олгани ҳақидаги хабар берилди. Бироқ фурсат ўтиб, ушбу хабар изоҳларсиз сайтдан олиб ташланди.

Хабарда отахон Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, урушдан қайтгач, ички ишлар органларига ишга киргани ва узоқ вақт Қўқон шаҳрида профилактика инспектори вазифасида ишлаб, шаҳарда жиноятлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва фош этишда алоҳида ўрнак кўрсатгани айтилганди.

Хабарда отахонни йўқлаш учун Учкўприк туман ИИБ бошлиғи, подполковник Алишер Ашуров мудофаа ишлари бўлими вакиллари ҳамда ёшлар билан биргаликда боргани айтилган.

“Бир неча кун аввал туман тиббиёт бирлашмасининг энг малакали шифокорларини жалб этган ҳолда, отахонни ўз уйида тиббий кўрикдан ўтказдик. Катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган нуронийларимизга ҳар қанча эҳтиром кўрсатсак, шунча оз”, дейди туман ИИБ бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Маъруфжон Турғунов.

Айни вақтда Республикада карантин тартиблари давом этмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қанчадан-қанча фуқаро карантин талабларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилганини кўриб, билиб турибмиз. Кимларгадир жарима, кимларгадир 15 суткалик қамоқ бериляпти. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилиши, фуқароларга ўзи ўрнак бўлиши керак бўлган орган ходимларининг ўзи ушбу талабларни бажармаса-чи? Додингни кимга айтасан?

Мақолада берилган суратларга диққатингизни қаратсангиз, на юзга ниқоб тақилгани, на 3 кишидан ортиқ фуқаронинг бир жойга тўпланига оид тақиққа амал қилингани ва на оралиқ масофа сақланганини кўрасиз. Коронавирус хавфи сабаб кексаларнинг уйдан чиқиши, бегона шахслардан масофада тутилиши белгиланган. Бироқ расмда бу ҳолатга ҳам ИИБ вакиллари амал қилмаганини кўришингиз мумкин. Шунингдек, айни вақтда мактаб ёшидаги ёшларнинг ҳам бу ҳолатга жалб қилингани вазиятни анчайин жиддийлаштиради.

Бу билан улар қилган ишни қоралашдан йироқмиз. Аммо қонун ҳамма учун бирдек бўлиши керак. Унга ҳамма амал қилиши шарт. 

Ички ишлар ходимлари карантин қоидаларига амал қилмайдими? Ёки қонунлар фақат оддий одамлар учунми? Карантин қоидаларини бузган ИИБ ходимларига чора кўриладими? Postda.uz сайтидан мақоланинг олиниши ҳам гапимизнинг исботи бўлса керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

916

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг