Қамоқда ўтирган президентликка собиқ номзодга босим ўтказилмагани айтилди

Олам

image

Аввалроқ, Қирғизистон президентлигига собиқ номзод, тадбиркор ва хайриячи Имомидин Тошовнинг адвокати Асал Арғимбоева мижози 1-сонли Тергов изолятори маъмуриятининг босимига норозилик сифатида очлик эълон қилганини айтганди. Тошовга тергов изолятори маъмурияти томонидан босим ўтказилаётгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Жазони ижро этиш давлат хизмати матбуот хизмати муносабат билдирди.

Баёнотда айтилишича, Қирғизистоннинг “Қамоққа олиш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги қонунига кўра, 1-сонли тергов изолятори маъмурияти маҳкум ёки қамоққа олинган шахсларни бир камерадан иккинчи камерага кўчириш ҳуқуқига эга. Бундай чора-тадбирлар фақат хавфсизликни таъминлаш, қамоқхона режимини сақлаш, қонунда кўзда тутилган шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида кўрилади. Муносабатда Имомидин Тошовнинг такрорий жиноят содир этган шахслар жойлашган камерага ётқизилганига ҳам тўхтаб ўтилган. Таъкидланишича, бундай ҳолатда ҳар бир шахснинг хавфсизлиги, режими ва ҳуқуқий мақоми ҳисобга олинади.

Жазони ижро этиш давлат хизматининг иддао қилишича, адвокатлар томонидан бундай турдаги маълумотларни эълон қилиш муассаса фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳамда хавфсизлик, қонун-тартиботни таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган ходимларга ишончни сусайтиришга қаратилган.

Билдирилишича, Жазони ижро этиш давлат хизмати муассасалари фаолияти юқори турувчи органлар, хусусан, прокурор назорати остидадир. Мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари билан келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, юқори турувчи органлар, прокуратура ёки судларга ҳуқуқий шикоят қилиш механизмлари тақдим этилади.

Имомидин Тошовнинг ҳимоячиси Асал Арғимбоеванинг сўзларига кўра, Имомидин Тошов ҳибсда сақлаш шароитлари бузилгани юзасидан Бош прокуратура, Омбудсман, Жазони ижро этиш давлат хизмати ва бошқа идораларга ариза билан мурожаат қилганидан кейин таъқибга учраган. Адвокатнинг таъкидлашича, бундай ҳаракатлар Қирғизистоннинг “Қамоққа олиш тартиби ва шартлари тўғрисида”ги қонунига зиддир. Хусусан, қонуннинг 22-моддаси 7-қисмида гумон қилинувчи шахсларни шикоят ва апелляциялар берганлик учун жавобгарликка тортиш тақиқланган.

Асал Арғимбоева Имомидин Тошовнинг соғлиғи нафақат озиқ-овқат, балки сувдан ҳам бош тортгани туфайли тез ёмонлашиши мумкинлигини таъкидлаб, юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар учун жавобгарликни жазони ижро этиш тизими раҳбариятига юклади.

Имомидин Тошов ўтган йилнинг апрель ойида Чуй вилоятининг Қайнди қишлоғида қўлга олинган эди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, у норозилик намойиши учун кучларни бирлаштириш ва кейинчалик ҳокимиятни қўлга киритиш учун Қора-Болта шаҳрида вақтинчалик штаб ташкил этишни режалаштирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Имомидин Тошов Асал Арғимбоева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг