Қамоқда 43 йил ноҳақ ўтирган эркак озодликка чиққан заҳоти ҳибсга олинди

Олам

image

АҚШда 64 ёшли эркак адолатсиз тарзда 43 йил қамоқда ўтирганидан сўнг озодликка чиққач, дарҳол яна ҳибсга олинди. Бу ҳақда LADbible хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 64 ёшли Субраманьям Ведам бундан 43 йил аввал ўзининг собиқ хонадоши, 19 ёшли Том Кинсерни ўлдиришда айбланиб ҳибсга олинган. Талабанинг отиб ўлдирилган жасади йўқолганидан тўққиз ой ўтиб топилган, Ведам эса асосий гумондор сифатида ҳибсга олинган. Оқибатда у шартсиз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Орадан ўнлаб йиллар ўтиб унинг айбсизлиги исботланган ва жорий ой бошида оқланиб, озод этилган. Аммо эркак ҳатто оиласи билан учрашишга ҳам улгурмай, АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси (ICE) агентлари томонидан қайта ҳибсга олинган.

Эндиликда Ведам Ҳиндистонга – у атиги тўққиз ойлик чоғида келган ватанига депортация қилиниши мумкин. ICE вакилининг баёнотига кўра, Ведам “агентлик унинг депортациясини ташкил этмагунча ҳибсда сақланади”.

Эркакнинг қариндошлари эса “у билан қучоқлашишга ҳам улгурмаганидан чуқур афсусда эканликларини” билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япониянинг Сидзука префектураси округ суди 47 йилдан ортиқ ноҳақ қамоқда ўтирган ва кейинчалик оқланган 89 ёшли Ивао Ҳакаматага тахминан 217 миллион иена (тахминан 1,44 миллион доллар) товон тўлашга қарор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қамоқ умрбод қамоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг