“Қамалиб қолсам бир ойга бормай ўлиб кетсам керак”, деб ўйлардим — Саид Абдулазиз Юсупов
Жамият
−
30 Январь 2020
18033Таниқли журналист, Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди собиқ директори Саид Абдулазиз Юсупов ҳибсга олинган эди. Жиноят кодексининг 167, 168 ва 28,211 моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланди. 2019 йилда нисбатан унга нисбатан маҳкама бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси муассислигидаги “Вақт-Время” газетасида Саид Абдулазиз Юсуповнинг қамоқхона ва “Сангород”даги ўтган ҳаёти, бошидан ўтганлар ва ички кечинмалари ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Унда шундай дейилади:
ЕРДАГИ ФАРИШТАЛАР
Шок ва ҳайрат
Инсон озодлик аталмиш неъмат қадрини уни йўқотганида теранроқ ҳис қилади. Бу тушунча озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм этилган инсонга янада яқинроқ. Ўз жазо муддатини ўтар экан-у, кўп нарсаларни англайди, бутун ҳаётини тафтиш қилади. Ота-онаси, аёли, фарзандларининг соғинчи тун-у кун тиғ каби юрагига санчилади.
Тақдирдан қочиб, қутулиб бўлмаслиги ҳақиқат. Қисматим экан, мен ҳам бугун маҳкумман. Тан олиб айтишим керак-ки, озодликда маҳкумлик ҳаёти ҳақида кўп эшитиб, даҳшатга тушардим. Озодликда ҳам соғлиғим ёмон бўлгани боис, “қамалиб қолгудек бўлсам, бир ойга бормай ўлиб кетсам керак” деган фикрга борардим.
Тергов, суд жараёнларидан сўнг “ниҳоят” белгиланган жазо муддатимни ўташ учун колонияга келганимда озгина шок ҳолатини бошимдан ўтказдим. Ёмон хаёлга борманг. Яхши маънодаги шок эди бу! Чунки жазони ижро этиш муассасаси ходимларининг “сиз”лаб мурожаат этишгани, қўполлик қилмай, нафсониятга тегмай муомала қилишлари мени ҳайратлантирди. Хаёлимнинг қайсидир бир бурчагида “кесатиқ қилишмаяптимикин” деган ўй ҳам ўтди, рости. Мени ҳақиқатда яхши маънода шокка туширган нарса жазони ижро этиш муассасаларидаги тиббиёт ходимлари бўлишди. Нега? Чунки у ерга келганимнинг иккинчи ҳафтаси тобим қоча бошлади. Ўша пайтда менинг тушунчам шундай эди: “тамом, касал бўлдинг, ҳеч ким тузатмайди, сен учун жон куйдирмайди”. Лекин жоним оғригач, шифокорни сўрадим. Ҳаммаси шундан бошланди. Аввал бири келиб дори бериб кетди, кейин иккинчиси келиб аҳволимни сўради. Кечга яқин ҳамшира қон босимимни ўлчади, яна дорилар берди. Эртасига шифокор тўлиқ текширувдан ўтказиб, даволаш учун маҳкумлар орасида “Сангород” дея аталадиган ҳозирги кунда 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхонага жўнатишди.
Бу ерда эса… Мен ҳайрат ичида яшадим. Чунки колонияда ҳам, бу “Сангород” номли касалхонада ҳам мени шок ва ҳайратга солган ягона нарса бу — МУНОСАБАТ эди! Маҳкумга инсондек муносабат!
Сиёсий ирода рўёби
23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхона — бутун республика бўйлаб маҳкумлар келиб даволанадиган МАСКАН. Мен бу ерда жуда кўп маҳкумлар билан танишдим, суҳбатлашдим. Уларнинг орасида оиласи ночор аҳволда бўлганлари ҳам бор. Сўзларига қулоқ солганимда, аксарияти уйдан хат-хабар олганини, маҳаллий ҳокимият ва ички ишлар тизими ходимларидан иборат масъуллар оиласидан хабардор бўлиб, моддий ёрдам беришгани, кимнингдир фарзандини даволатган бўлса, яна кимнингдир оила аъзоларини иш билан таъминлашда ёрдам кўрсатишганини айтиб, “Давлат биз маҳкумлар оилаларига ҳам катта ғамхўрлик қилмоқда, улар учун ташвиш тортишимизнинг олдини олмоқда, бу билан бизга ҳам ғамхўрлик қилмоқда”, “Президентимизга минг раҳмат, давлат оила аъзоларимиздан хабар олаётган экан” каби юзлаб самимий эътирофларни эшитдим. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди. Жамият ҳаётидаги ўзгаришларни чин дилдан миннатдорчилик билан эътироф этаётганлар орасида гоҳида битта, иккита бу ислоҳотлар моҳиятини тўлиқ англолмаётганлар, билиб-билмасдан ношукурчилик қилиб қўядиганлар ҳам топилади. Аммо шукр-ки, улар жуда озчиликни ташкил қилади, мингтадан битта.
Шундай бўлса-да, муассасасининг тарбия масалалари бўйича масъул ходимлари томонидан ҳар ҳафта ўқув машғулотлари ўтказилиши, жамоат арбоблари, диний уламолар, жамоатчилик вакиллари таклиф этилиб, учрашувлар ташкил этилиши фақатгина жисмоний эмас, балки руҳий ва ақлий соғломлашиш учун ҳам шароит яратилганини кўрсатади. Мени лол қолдирган жиҳат ушбу жараёнларда кўпчилик тасаввур қилганидек маҳкум фақат индамай тинглаб ўтириши эмас, балки савол бериб, ўз фикрларини баён этиши ҳам мумкин экан. Тушуняпсизми, бу ерда маҳкумларнинг яъни бизнинг ўз фикримизни очиқ баён этиш ҳуқуқимиз амалда таъминланган, таъминланмоқда. Бу жуда ҳам муҳим! Айниқса, мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим воқелик 22 декабрда бўлиб ўтган сайловларда маҳкум эканлигимизга қарамасдан овоз бериш ҳуқуқи таъминлангани шахс сифатида (биз маҳкум бўлсакда) шу жамиятнинг, давлатнинг бир бўлаги эканлигимизни ҳис этишимизга туртки бўлди.
“Фаришталар шаҳарчаси”
Албатта, ўқувчи учун мен “фаришталар” дея кимни атаганим қизиқ. Мен ердаги фаришталар дея, тиббиёт ходимлари, шифокорлар-у ҳамшираларни назарда тутаман. Бу соҳа вакилларини озодликда кўп кўрганман, дўст тутинганман. Озодликда доимо бир нарсанинг гувоҳи бўлардим: шифокор ўз олдига келган беморга у ким бўлишидан қатъи назар, ўғрими-тўғрими, каззобми-ҳалолми, бойми-камбағалми, фарқи йўқ, бир хил инсоний назар, беморга шафқат назари билан қарашади. Тўғрисини айтганда, мени бу муассасага олиб келишганида форма кийган шифокорларни кўриб анчайин совуқ ва қўпол муомала кутган эдим. Аммо биринчи кундан “Терапия ва Неврология” бўлими раҳбари ва даволовчи шифокорларнинг, айниқса, ҳамширалар ва ўрта тиббий ходимларнинг юксак интеллект ва маданияти, профессионал муносабатларини кўриб ҳақиқий ички эврилишни бошимдан кечирдим ва бўлимда даволанаётган бошқа маҳкумлардан ҳам эшитдим.
23-сон ММИКни, гарчи тиканак симлар билан ўралган бўлсада, фаришталар ишлайдиган, маҳкумлар шифо топадиган “Фаришталар шаҳарчаси” деб билдим.
Мазкур муассаса ходимлари маҳкумларни фақатгина дори-дармонлар билангина эмас, юксак профессионал даражада психологик ёндошув асосидаги муомала маданияти билан ҳам даволаши мени ҳайратга солди. Президент ислоҳотларини тўлиқ амалиётга татбиқ этиб, янгича ёндошувда ишни ташкил этаётган маҳкумлар учун ихтисослашган касалхона жамоасига ва жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятига самимий миннатдорчилигимни билдираман.
LiveБарчаси