Қаловини топаётганлар ёхуд тамаки маҳсулотининг ноқонуний айланмаси

Бизнес

Сигарет, алкоголь маҳсулотлари – уларнинг инсон саломатлигига қандай таъсир қилишини эслатишнинг ҳожати йўқ, бизнингча. Аммо бу маҳсулотларни янада зарарли қилишнинг имкони бор – контрабанда!

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга контрабандали сигаретларни олиб кириш ҳажми 2019- 2022 йиллар мобайнида 4 %дан 15,3 %гача ўсган. Бу эса хавфнинг қанчалик катта эканлигини англатади. Хўш, масъуллар бу хавфга қарши қанчалик кураш олиб боряпти?

Бош прокуратура Ахборот бўлими инспектори Дилрабо Курязованинг маълум қилишича, контрабанда ва контрафакт маҳсулотларининг Ўзбекистонга кириб келишида иштирок этувчи шахсларга қаттиқ чоралар кўрилади. 

“Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан айнан иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши курашиш бўйича биринчи навбатда тезкор-қидирув фаолият ва терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилади. Иқтисодий йўналишда бугунгача содир этилган жиноятларнинг сонига, уларнинг таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, энг кўп яширин иқтисодиёт бўйича жиноятлар содир этилади. 

Алкоголли маҳсулотлари, уларни ноқонуний ишлаб чиқариш ҳамда муомалага киритиш борасида жами 92 та ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилган. Булардан 52 таси жиноий ишлар ва 40 таси маъмурий ишлар саналади. 

Бугунги кунгача тамаки маҳсулотлари контрабандасига оид жами 53 та ҳолат аниқланган”, дейди у.

Агар мамлакат чегаралари мустаҳкам бўлса, божхоналарда яхши текширув ўтказилса, бундай маҳсулотлар Ўзбекистонга кириб келмайди. Бироқ, барибир йўлини топадиганлар бор.

“Республикамиз божхоначилари томонидан жорий йил бошидан шу бугунгача 16 300 дан ортиқ божхона қонунбузилиши ҳолатлари қайд этилиб, натижада қиймати 829 млрд сўмдан ошиқ бўлган товар-моддий бойликлар тўхтатиб қолинган. Шуларнинг орасида 331 та тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб ўтилиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Натижада 1 млн 605 минг қути тамаки маҳсулотлари ноқонуний муомаладан олиб қўйилган. Уларнинг қиймати салкам 20 млрдга яқинлашмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, бу қиймат 19,6 млрд сўмни ташкил қилмоқда”, дея сўнгги маълумотлар билан бўлишди QALAMPIR.UZ билан суҳбатда бўлган Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Тангриев.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг умумий чегараси 6 221 километрни ташкил қилади. Давлат чегаралари бўйлаб жойлашган божхоналар сони эса 50 дан ортиқ. Шу сабабли устамон тадбиркорлар контрабанда маҳсулотларни чегаранинг божхоналар мавжуд бўлмаган ҳудудларидан олиб ўтишга уринишади.

“Тамаки маҳсулотларини республикамиз ҳудудидан олиб ўтишга уриниш ҳолатлари асосан, Фарғона водийсида кузатилмоқда. Чунки Фарғона водийсида чегараларимиз мураккаб жойлашган ҳудудлар – чегарадош маҳалла ва чегарадош қишлоқлар мавжуд. Бундан ташқари, трансчегаравий сойлар, канал ва анҳорлар ҳам бор. Шундай ҳолатлар бўлдики, Фарғона водийсидаги сойлардан бирида тамаки солинган полиэтилен пакетларни қаттиқ скотчлаб, оқизиб юбориш ҳолатлари ёки чегарадаги симларга тамаки маҳсулотлари солинган қопларни нариги томондан илиб қўйиб, бу томондан олиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Энг ёмони, чегарадош маҳаллаларда ўзининг уйидан ана шундай ноқонуний товарларни сақлаш учун жой берадиганлар ҳам борлигидир”, дейди Тангриев.

Божхонада қўлга тушган ноқонуний товарлар эса йўқ қилинади. Масалан, Давлат солиқ қўмитасининг маълумотларига кўра, сентябрь-октябрь ойларининг ўзида умумий қиймати 1,2 миллиард сўмдан ортиқ бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари йўқ қилинган. 

Хусусан, алкоголли ичимликларни сотадиган 137 тадбиркорлик субъекти ва ноқонуний савдо билан шуғулланувчи 350 фуқарога нисбатан ўтказилган текширувлар натижаларига кўра, 752,6 миллион сўм миқдоридаги 31,582 дона алкоголли ичимликларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилган.

Шу жумладан белгиланган тартибда ушланган:

•  74 та ҳолатда – 302,1 миллион сўм миқдоридаги сохта акциз маркали 14,075 дона маҳсулот; 

•  14 ҳолатда – акциз маркасиз 25,1 миллион сўм миқдоридаги 853 дона маҳсулот;

•  17 та ҳолатда – 138,2 миллион сўмлик эски намунадаги акциз маркали 999 дона маҳсулот;

•  12 ҳолатда – рақамли маркировкасиз 21,2 миллион сўмлик 900 дона маҳсулот;

•  14 ҳолатда – тегишли рухсатномасиз 8,8 миллион сўм миқдоридаги 355 дона маҳсулот аниқланиб, йўқ қилинган.

Шунингдек, тамаки маҳсулотларини сотадиган тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг фаолиятини текшириш пайтида 40,267 пакет тамаки маҳсулотларининг 497,6 миллион сўмга тенг товарларнинг ноқонуний савдосига чек қўйилди.

Бундан ташқари, белгиланган тартибда ушланган 15 та корхонада акциз маркасиз ва рақамли ёрлиқсиз 101,6 миллион сўм қийматидаги 13 934 та пакет мавжуд.

Тамаки ва алкоголь махсулотлари, хоҳ у контрабанда бўлсин, хоҳ контрафакт, ёки барча қонун талабларига мос бўлсин, барибир, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари зарардан бошқасига ярамайди. Шундай экан бундай маҳсулотларнинг ҳар қандай туридан воз кечганингиз маъқул.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг