Қалбаки тамаки маҳсулотларидан эҳтиёт бўлинг!
Бизнес
−
06 Май 2022
101402021 йилнинг январь ойидан декабрига қадар Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси 4,3%дан 14,2%га қадар ўсиб, бу миқдор рақамларда 700 миллион донани ташкил этади. Агар мазкур фоизларни пулга чақилса, ноқонуний тамаки маҳсулотлари (сигареталар) савдоси туфайли 2021 йилда давлат бюджетига акциз ва ҚҚСлар орқали келадиган 20 млн доллар тушмай қолган. Содда қилиб айтганда, бу пулларга 80 та болалар боғчаси ва 40 та мактаб қурса бўлади. Ноқонуний маҳсулотлар савдоси амалда 3 бараварга ўсганини ҳисобга олсак, Ўзбекистон бу борадаги кўрсаткичлар 40-60%ни ташкил қиладиган қўшни давлатлар – Қирғизистон ва Тожикистонни қувиб ўтиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
2021 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида мустақил халқаро тадқиқот компанияси – “Кантар” томонидан Фарғона водийсида ўтказилган статистик тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, водийда ноқонуний сигарета маҳсулотлари муомаласи аллақачон 28%га етган. Бунда Наманган – 43%, Қўқон – 34% ва Фарғона – 25% ва Андижон – 16% кўрсаткични қайд этган.
Маълумки, ноқонуний тамаки маҳсулотларини етказиб беришнинг асосий каналлари Қирғизистон ва Тожикистон каби қўшни давлатлардир (Наманган вилоятининг Янгиқўрғон ва Учқўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Ёзёвон ва Фарғона туманлари орқали). Мамлакатга тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатлари божхона назорати пунктлари ташкил этилмаган чегара ҳудудларида содир бўлмоқда.
Унутманг! Ноқонуний маҳсулотларни сотиб олиш орқали, сиз уюшган жиноятчиликка пул бераётган ҳисобланасиз. Қўлга олинган ҳолатларда ноқонуний сигареталар билан бир қаторда, ноқонуний моддалар ҳам олиб келинаётгани аниқланмоқда. Рақамларга қарайдиган бўлсак, 300 минг ўзбекистонлик мунтазам равишда ноқонуний сигареталар сотиб олиб, жиноятчиликни молиялаштирмоқда, Ўзбекистон бозоридаги ноқонуний сигареталар айланмаси, тахминан, 100 млн долларни ташкил қилади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қалбаки тамаки маҳсулотларининг аксарияти сифатиз, никотин ва қатрон бўйича белгиланган кўрсаткичларга жавоб бермайди ва кўрсаткичлардан камида икки мартага ошиб кетади. Ноқонуний сигареталар учун ишлатиладиган хомашё ҳамда материаллар сифат ва хавфсизлик назорати синовларидан ўтказилмайди. Ноқонуний сигареталар Ўзбекистон сифат стандартларига риоя қилмаган ҳолда ишлаб чиқарилмоқда. Қолаверса, қалбаки сигареталарни харид қилгандан кейин қандайдир муаммолар аниқланса, истеъмолчи сотувчиларни жазолай олмайди, чунки ноқонуний маҳсулотларни харид қилиш орқали сиз ноқонуний савдога шерик бўлибгина қолмай, балки ўз истеъмолчилик ҳуқуқларингизни ҳам йўқотасиз.
Яқинда Самарқанд шаҳрида аниқланган ҳолатни олайлик, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўтказилган текширувларда Milano London (KSSS), Milano Paris, Milano Geneva, Milano Nyu-York, Milano Tech Lock White, Milano Tech Lock Black каби фильтрли сигареталари қутисида (қадоғи) ишлаб чиқарилган сана ва яроқлилик муддати кўрсатилмагани, шу билан бирга уларда акциз маркаси ҳам мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Тутун конденсатидаги никотин миқдори ва сигарет тутунидаги нам ва никотинсиз қуруқ конденсат (смола-қатрон)ни аниқлаш учун ўтказилган синов натижалари шуни кўрсатдики, тамаки тутуни таркибида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган никотин меъёрдан бир неча баравар кўп чиққан.
2022 йил бошидан буён Ўзбекистонда божхона ходимлари томонидан тамаки маҳсулотларини ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ, умумий қиймати 1 миллиард 935 минг сўм бўлган, 77та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган.
2003 йилда ноқонуний сигареталар оқими 40-50%га ошганида ҳуқуқ-тартибот идоралари унга қарши тура олганди. Улар бугун ҳам янги оқимни қайтара олишларига умид қиламиз. Бироқ биргина божхоначиларнинг ўзига ташлаб қўйиш нотўғри. 2021 йилда божхоначилар контрафакт ортилган ҳар 10та юк машинасини ушлашга муваффақ бўлишди (халқаро тажриба шуни кўрсатадики, божхона органлари ноқонуний сигареталар умумий оқимининг 2%дан 10%гача бўлган қисмини қўлга олиши мумкин, қолганлари мамлакат ичкарисида ушланиши керак).
Қонунбузарлар учун жавобгарликни ҳам кучайтириш лозим. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексида айни пайтда ноқонуний тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки сотганлик учун жисмоний ва юридик шахсларга белгиланган жарима миқдорлари жуда паст (фуқароларга БҲМнинг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача) бўлиб, бундай жарималардан ҳамма ҳам қўрқавермайди. Контрафакт маҳсулотлар савдосидан келадиган даромад уларни бир неча марта тўлаш ва яна хотиржам савдони давом эттириш имконини беради. Бундан ташқари, жарима ундириш унчалик ҳам осон иш эмас.
Шундай экан, қалбаки маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш жуда муҳим. Сигаретани сотиб олаётганда эътибор беришингиз керак бўлган биринчи жиҳат – рақамли белгилар мавжудлиги. Бугунги кунда ҳар бир қутида сотиш жараёнида сканер қилинадиган махсус QR-код мавжуд. Мобил алоқа ёрдамида ҳар қандай истеъмолчи сотиб олинган тамаки маҳсулотларининг ҳақиқийлигини текшириши мумкин. Шундан кейингина акциз маркаси ва давлат тилидаги огоҳлантириш ёрлиқлари мавжудлигини текшириб кўриш тавсия этилади.
Шунингдек, товарларни сотиб олишдан олдин юқорида келтирилган қалбакилаштириш белгиларига эътибор бериш керак ва улар аниқланган тақдирда ваколатли назорат органларига ёки 1159 ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, истеъмолчилар soliq.uz иловаси орқали савдо нуқталарида ноқонуний савдо содир этилганлиги ҳақида маълум қилган тақдирда “Солиқ ҳамкори” дастури бўйича битта аризадан камида 500 минг сўмгача мукофот пули олиши мумкин.
Боғланиш учун телефон: 1159
LiveБарчаси