Қалбаки ҳужжат, сохта натижалар: ОТМга кириш “лотерея”си асл “иқтидорларга” насиб қилмоқда

Жамият

image

Спорт соҳаси вакилларига имтиёз беришдан пировард мақсад Олимпия ва Паралимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионатларига иқтидорли спортчиларни тайёрлаш ва юксак натижаларга эришишдан иборат бўлсада, бироқ кўп ҳолларда имтиёзлар “айрим ёшлар” учун ўқишга кириш воситасига айланиб қолган.

2018 йилда 421 нафар, 2019 йилда 1 213 нафар ва 2020 йилда 2 367 нафар ёшлар спортдаги ютуқлари учун имтиёздан фойдаланиб, олий таълим муассасаларига ўқишга кирган бўлиб, ўтган 3 йилда имтиёздан фойдаланувчилар салмоғи 5 барабарга ортган.

Шунинг баробарида, имтиёздан фойдаланувчилар сонини сунъий ошириш мақсадида айрим спорт мусобақаларининг сони ҳам орттирилган. Жумладан, имтиёз берувчи олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича 2018 йилда 206 та мусобақа ўтказиш белгиланган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилда 296 тани ташкил этиб, 30 фоизга ошган. Бу ўз навбатида, ғолиб ва совриндорлар сонини ҳам ортишига олиб келган.

Масалан, календарь режага мувофиқ 2018 – 2021 йилларда баскетбол, волейбол ва чим устида хоккей бўйича республика чемпионатлари 146 та ўтказилиши лозим бўлсада, амалда икки баробар кўп, яъни 273 та ўтказилган. Натижада, бу спорт турлари бўйича имтиёз асосида ўқишга тавсия этилганлар ҳам йилма йил ортиб борган, 2018 йилда – 18 нафар, 2019 йилда – 82 нафар, 2020 йилда – 295 нафар ва 2021 йилда – 308 нафар.

Бироқ, халқаро мусобақаларда спортчилар натижалари аксинча, пасайиб борди. Масалан, 2018 йилда имтиёзли равишда талабаликка қабул қилинган спортчиларнинг 44 нафари ёки 10,5 фоизини Осиё ва Жаҳон чемпионати ғолиб ва совриндорлари ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич кескин камайиб 13 нафар ёки 0,6 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, миллий чемпионатларни ўтказиш жараёнини электронлаштириш, видео ва фото тасвирга олиш тизимли йўлга қўйилмасдан, барча ҳужжатлар қоғоз шаклида юритиб келинган. Бу эса, мусобақалар натижаларини жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлишини таъминламай, айрим спорт мураббийлари томонидан мусобақа натижалари сохталаштиришига имкон яратган. Масалан, биргина 2020 йилда 31 нафар спортчи қалбаки ҳужжатлар асосида олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда қабул қилинганлиги аниқланган.

Шу билан бирга, жорий йилда ўтказилган байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда волейбол мусобақалари натижалари бўйича ҳақиқатда ғолибликни қўлга киритмаган 7 нафар спортчига имтиёзлар тақдим этилган. Мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Олий таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли асосда тавсия этилган 1 921 нафар спортчи касбий (ижодий) имтиҳондан ўтказилган. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг 213 нафари (11 фоизи) максимал баллнинг 36 фоизини ҳам тўплай олмаган бўлса, 41 нафари ижодий имтиҳон талабларини умуман бажара олмаган. Ёки, ғолиб ва совриндорларнинг 147 нафари турли баҳоналар (ҳозирда спорт билан шуғулланмай қўйганлиги ва ҳ.к.) билан имтиҳонларда иштирок этмаган.

Миллий чемпионатда совринли ўринларни эгаллаган “спортчилар” ўз йўналишида ижодий имтиҳондан ўта олмаганлиги ушбу мусобақалар ва уларнинг натижалари бўйича тегишли хулоса қилишга асос бўлади.

Имтиёзларнинг ҳақиқий иқтидор эгаларига эмас, балки қўштирноқ ичидаги спортчиларга тақдим этилиши ҳолатларида асосий айбдор – мусобақа бош ҳаками бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон чемпионатига бош ҳакамни эса спорт федерациялар белгилайди. Бу жараёнга Туризм ва спорт вазирлиги аралашмайди. Ва якунда вазирлик томонидан махсус комиссияга топшириладиган ҳужжатлар ҳам айнан мусобақа бош ҳаками томонидан тақдим этиладиган баённомага асосан шакллантирилади.

Хулоса қиладиган бўлсак, олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича белгиланган спорт мусобақаларининг ғолиб ва совриндорларига олий таълим муассасаларига кириш имтиёзи ҳақиқатда иқтидорли бўлган спортчи ёшларга берилиши лозим. Уларнинг йиллар давомидаги меҳнатини йўққа чиқарган “мутахассислар”га эса албатта қонуний чора кўрилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

135

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг