ДСҚ тадбиркорнинг 1 миллиарддан ортиқ пулини қайтарди
Жамият
−
21 Декабрь 2019
4927Давлат солиқ қўмитаси тадбиркордан ундирилган 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағни қайтаришга мажбур бўлди.
Бизнес-Омбудсман матбуот хизматига кўра, Давлат солиқ қўмитаси томонидан “QUVASOYCEMENT” акциядорлик жамиятига нисбатан 1 млрд. 108 млн сўмлик нотўғри таъсирчан солиқ механизми қўлланилган.
Гап шундаки, “QUVASOYCEMENT” АЖнинг 1 млрд 108 млн сўмлик пул маблағлари таъсирчан солиқ механизми нотўғри қўлланилиши оқибатида унинг ҳисоб варағидан олиб қўйилганлигидан норози бўлиб, Бизнес-Омбудсман институтига мурожаат қилган.
Ўрганишлар натижасига кўра, Бизнес-Омбудсман томонидан Давлат солиқ қўмитасига “QUVASOYCEMENT” АЖга нисбатан ҳисобланган таъсирчан солиқ механизмини қайта кўриб чиқиш юзасидан тақдимнома киритилган.
Тақдимномага асосан, Давлат солиқ қўмитаси томонидан “QUVASOYCEMENT” АЖга нисбатан қўлланилган таъсирчан солиқ механизми бекор қилинди ва 1 млрд 108 млн сўмлик қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, таъсирчан солиқ механизми мол-мулк ва ер солиқлари ўрнатилган ставкага нисбатан 3 ойга қадар икки баравар, 3 ой ўтгандан сўнг беш баравар, 6 ой ўтгандан сўнг ўн баравар, 12 ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг икки баравари миқдорида ҳисобланади.
LiveБарчаси