ИТБ ва ОПЕК Ўзбекистонга 275 млн доллар қарз беради
Жамият
−
21 Сентябрь 2021
3674Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонга “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини молиялаштириш учун 275 млн доллар кредит ажратади. Бу ҳақда “Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, Ислом тараққиёт банки томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 200 миллион АҚШ доллари миқдорида ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда – ОПЕК) томонидан 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 20 йил муддатга 75 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратади.
Ҳар икки ташкилотнинг директорлар кенгаши қарз маблағларини ажратиш ҳақида қарор чиқарган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Лойиҳани амалга ошириш даврида масъул ижро этувчи органнинг ҳамкори сифатида фаолият кўрсатади. У томонидан Лойиҳа учун 3,05 миллион АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ажратилади.
Лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг улуши 59,95 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан иборат.
Лойиҳа 2021-2025 йиллар давомида амалга оширилади ва Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларининг 20 та туманидаги 170 та МФЙ (40 та марказий, 130 та ёндош маҳалла)ларда амалга оширилади.
LiveБарчаси