Италияда ҲАМАСни молиялаштиришда гумонланган 9 киши ушланди

Олам

image

Кеча, 27 декабрь куни Италияда жойлашган хайрия ташкилотлари орқали ҲАМАСни молиялаштиришда гумон қилинган тўққиз киши ҳибсга олинди. Операция мафия ва терроризмга қарши кураш бўлинмалари томонидан мувофиқлаштирилган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, гумонланувчилар Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб эътироф этилган ҲАМАСга аъзолик ва уни молиялаштиришда айбланмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахслар сўнгги икки йил давомида гуманитар мақсадлар учун йиғилган тахминан 7 миллион евро (8,24 миллион доллар) маблағни ҲАМАС билан боғлиқ ташкилотларга йўналтирган. Полиция 8 миллион евродан ортиқ қийматдаги активларни мусодара қилган.

Тергов шубҳали молиявий операциялар аниқлангач бошланган бўлиб, Европа Иттифоқининг суд агентлиги – Eurojust орқали Нидерландия ва бошқа ЕИ давлатлари билан ҳамкорликда кенгайтирилган.

Бош вазир Жоржия Мелони расмийларни “хайрия ташкилотлари деб аталадиган тузилмалар орқали ҲАМАСни молиялаштиришни фош этган мураккаб ва муҳим операция” учун олқишлаган.

Маълумот ўрнида, Мелони ҳукуматининг Ғазодаги урушда Исроилни қўллаб-қувватлаши Италияда бир неча бор оммавий кўча норозиликларига сабаб бўлган.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари оқибатида 71 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ушбу уруш 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС бошчилигидаги ҳужумдан сўнг бошланган бўлиб, Исроил расмийлари ҳисобига кўра, ўша ҳужумда қарийб 1200 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Янги йилда Ғазо Тинчлик Кенгаши таркиби эълон қилиши ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи Италия Тергов ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг