Истеъмолчилардан 900 млн сўмга яқин пулларни асоссиз олган тиббиёт муассасалари аниқланди

Жамият

image

Тиббий техника жиҳозларини қиёсловдан ўтказмаган тиббиёт муассасаларига 44 мингдан ордиқ истеъмолчилардан асоссиз олинган 900 миллион сўмга яқин пул маблағларни қайтариш юзасидан кўрсатма берилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳамда тиббий асбоб-ускуналарнинг метрологик текширувдан ўтказилганлик ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказганда 6 та тиббиёт муассасалари (Юнусобод тумани Марказий кўп тармоқли поликлиникаси, Юнусобод тумани туманлараро 3-сон тери-таносил касалликлари диспансери, 7-сон шаҳар клиник шифохонаси давлат корхонаси, Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси, Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал маркази, Тошкент шаҳар Ибн Сино номли шаҳар клиник шифохонаси) томонидан 17 мингдан ортиқ истеъмолчилардан кўрсатилган сифатсиз хизмат учун  806 миллион сўмлик пул маблағларини олганлик ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан кафолат муддати ўтган сертификатли техника жиҳози билан 1 йил давомида  истеъмолчиларга тиббий хизмат кўрсатилгани маълум бўлди. Ўрганишлар ишларида 2023 йилнинг август ойидан 2024 йилнинг шу ойига қадар 23 дона тиббий кўрик техникаси  орқали 550 нафар фуқарога кўрсатилган хизмат натижасида жами 25 миллион сўмга яқин ортиқча ҳақ олинганлиги аниқланди.

Сирдарё вилоятида эса вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ўтказилган ўрганишларда ўтган 2021-2022-2023 йиллар мобайнида жами 200 дан ортиқ пуллик хизмат тури бўйича 25 минг 775 нафар истеъмолчидан ортиқча 60 миллион сўмга яқин пул маблағлари олинганлик ҳолатлари аниқланган.

Юқоридаги ҳудудлар кесимида аниқланган  ҳолатлардан келиб чиқиб, қўмитанинг ҳудудий органлари махсус комиссиялари томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6 ва 21-моддалари ва Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низоми талаблари бузилиш аломатлари билан хизмат кўрсатувчи тиббиёт муассасаларига нисбатан иш қўзғатилган. Асоссиз олинган 900 миллион сўмга яқин пул маблағларини 44 мингдан ортиқ истеъмолчи фойдасига қайтариш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг