Истанбулнинг қалби – Айя Софияда Эрдўған бошчилигида жума намози ўқилди

Олам

Айя София – Евроосиё марвариди. Истанбул қоқ марказида жойлашган ва дунё эътиборида бўлиб келган ибодатхона бундан икки ҳафта олдин яна масжидга айлантирилди. Орадан 86 йил ўтиб, 24 июль куни Айя Софияда жамоат тўпланиб, жума намози ўқилди. 

Бутун дунёда, жумладан Туркияда ҳам коронавирус пандемияси давом этаётганига қарамасдан, жума намозига минглаб одамлар тўпланди. Улар нафақат бино ичидан, ички ва ташқи майдонлардан ҳам жой олди. Жамоат орасида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафо Шентоп ва вазирлар ҳам ўрин олди. Давлат раҳбаридан тортиб, бошқа ибодатчиларни ижтимоий масофа сақлаган ҳолда тиббий ниқоблар билан намоз ўқидилар. 

Айя София ибодатхонаси аслида Византия императори Константин иккинчи тарафидан 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. 

Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.

1204 йилгача у кўплаб зилзилалар ва ёнғинларни бошдан кечирган ва таъмирланган. Ўша йили салибчиларнинг қўлига ўтган ибодатхона 1261 йилгача Рим католик черковига айлантирилди. 1261 йилда византияликлар Истанбулга эгаликни қайтариб олгач, Айя Софиядан яна православ черкови сифатида фойдаланилди. 

1453 йил 29 майда Усмонли империяси султони Фотиҳ Султон Меҳмет Истанбулни эгаллаб олганда, Айя София яраланган Византия аскарлари, аёллар ва болалар учун бошпана бўлган. 

1453 йил 1 июнда Истанбулда биринчи жума намозини ўқиган Фотиҳ Султон Меҳмет, Айя София Усмонли ҳукмронлиги остида масжид бўлиб хизмат қилишини эълон қилди. Меҳроб ва минбар қурилди, қўнғироқ ва хоч олиб ташланди. Девордаги суратлар беркитилди. 

1616 йилга келиб, Айя Софиянинг қаршисида Султон Аҳмад масжиди барпо этилгунга қадар ушбу масжид мамлакатдаги энг каттаси саналар эди. 

1739 йилда Айя Софияга ёндош мадраса, кутубхона ва ошхона бинолари қурилди. 1847-1849 йиллардаги таъмирлаш ишлари сабаб ёпилган Айя  София охирги бор масжид сифатида 1849 йилда очилди. 

1923 йилга келиб Туркия ўзини Республика деб эълон қилди. 1931 йилга келиб, Айя София ёпилди. 

1931 йилда Америка Византия институти асосчиси, археолог Томас Уиттимор Туркиядан Айя Софиядаги мозайка-суратларни тиклашни талаб қилаб қилади. Ўша вақтда Президент Мустафо Камол Отатурк мозайкаларни тиклашга оид рухсати билан бошланган ишлар 15 йил давом этди ва 1947 йилда якунланди. 

Иш бошланганидан бироз вақт ўтгач, 1934 йил 2 ноябрь куни Вазирлар Кенгаши Айя Софияни музей сифатида очишга қарор қилди. Шундай қилиб Айя София 1935 йил 1 февралдан эътиборан музей сифатида иш бошлади. 1996 йилда у дунё маданий мерослари рўйхатига киритилди. 

Расмий Анқаранинг Айя Софияни масжидга айлантириш тўғрисидаги қарори кўплаб Европа мамлакатлари ва АҚШнинг эътирозига сабаб бўлди. Дунё сиёсатдонлари эса ушбу воқеликни баҳоларкан, Эрдўған Туркияси янги даврдаги куч ва қудратини шу йўл билан синовдан ўтказаётганини айтмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

178

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг