Истанбулдаги тўйда Ўзбекистон фуқароси пичоқлаб ўлдирилдими?

Олам

−

image

Туркиянинг Истанбул шаҳридаги тўйхонада юзага келган жанжалда Туркманистон фуқароси, 33 ёшли Қилич Бўриев бўйнидан пичоқланиб, ҳалок бўлди. Полиция гумонланувчини воқеада ишлатилган пичоқ билан бирга қўлга олди. Бу ҳақда DHA ахборот агентлиги хабар берди.

Туркия оммавий ахборот воситалари дастлаб марҳумни Ўзбекистон фуқароси дея хабар қилган, бироқ кейинчалик унинг Туркманистон фуқароси экани маълум бўлган.

Қайд этилишича, воқеа кеча, 1 ноябрь куни соат 23:30 атрофида Истанбулнинг Кичикчекмеже туманидаги Кемалпоша маҳалласи Небиоғлу кўчасида жойлашган тўйхонада содир бўлган. Тўй вақтида икки гуруҳ ўртасида ҳозирча сабаби аниқланмаган можаро келиб чиққан.

Тахминан бир соат давом этган тортишув пичоқли жанжалга айланган. Жанжал вақтида Қилич Бўриев бўйнидан пичоқланиб, оғир яраланган. Воқеа жойига полиция ва тиббиёт ходимлари етиб борган. Бўриевга биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг у шифохонага олиб кетилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Маълум қилинишича, жанжал иштирокчилари спиртли ичимлик таъсирида бўлган. Гумонланувчи Р.T. Қилич Бўриевнинг бўйин қисмига пичоқ билан жароҳат етказган.

Полиция Р.T. ни Авжилар туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олган. Ундан воқеада ишлатилган пичоқ ҳам олиб қўйилган.

Марҳумнинг жасади суд-тиббиёт институтидан аутопсия жараёнлари тугаганидан сўнг оиласи томонидан олиб кетилган. Унинг жасади эртага ўз ватани Туркманистонга олиб кетилиши маълум қилинган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг