Иссиқ ҳавода қандай рангдаги кийимни кийиш керак?
Бу қизиқ
−
01 август 2343 2 дақиқа
Жаҳоннинг кўплаб ҳудудларида иссиқ тўлқинлар тобора тез-тез кузатилаётган бир пайтда тўғри кийим танлаш нафақат қулайлик, балки соғлиқ учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Олимларнинг фикрича, мос либос танлаш хонадаги кондиционер ҳароратини тахминан 2 даражага ошириш имконини беради. Бу эса электр энергияси сарфини камайтириш ва иссиқлик чиқиндиларини қисқартиришга ёрдам беради.
Рангдан кўра кийимнинг кенглиги муҳимроқ
Одатда ёзда оқ кийим қуёш нурларини қайтариши сабабли энг яхши танлов деб ҳисобланади. Бироқ олимлар бу масала бундан мураккаброқ эканини таъкидлайди. 1980 йилда ўтказилган тадқиқотда саҳроларда яшовчи бедуинларнинг нима учун қора либос кийиши ўрганилган. Натижаларга кўра, қора ва оқ либос кийган одамлар бир хил миқдорда иссиқлик таъсирига учрайди.
Бунинг сабаби шундаки, кенг қора либос мато билан тери ўртасида ҳаво айланишини таъминлайди. Ҳаво юқорига кўтарилиб, “мўри эффекти”ни ҳосил қилади ва танани совутишга ёрдам беради. Шунинг учун мутахассислар фикрича, либоснинг кенглиги унинг рангига нисбатан муҳимроқ омил ҳисобланади. Агар кийим танга ёпишиб турадиган бўлса, оқ ранг нисбатан афзал кўрилади.
Қайси мато яхшироқ?
Мутахассислар енгил ва ҳаво ўтказувчан матоларни тавсия қилади. Пахта ва зиғир нафас оладиган матолар бўлса-да, улар намликни узоқ ушлаб қолади ва секин қурийди. Спорт кийимларида кенг қўлланиладиган нейлон ва полиэстер эса терни яхши чиқаради ҳамда тез қурийди. Бироқ уларда нохуш ҳид сақланиб қолиши мумкин. Айрим тадқиқотларда бамбук толасидан тайёрланган матолар ҳам иссиқда қулай экани қайд этилган.
Физик Ретт Аллейннинг таъкидлашича, иссиқ ва нам ҳавода мато сув буғини осон ўтказиши керак. Бу тернинг буғланишига тўсқинлик қилмайди ва танани самаралироқ совутади.
Янги технологиялар қандай имконият бермоқда?
Олимлар иссиқликни яхшироқ чиқарадиган янги авлод матоларини ишлаб чиқмоқда. MIT олимлари инфрақизил нурланишни ўтказадиган, бироқ қуёш нурини қайтарувчи махсус толалар устида ишламоқда.
АҚШнинг Мэриленд университети тадқиқотчилари эса ҳароратга қараб тузилиши ўзгарадиган “ақлли” матоларни яратган. Бундай матолар иссиқда кенгайиб, ҳаво айланишини яхшилайди. Шунингдек, тана ҳароратини 2°C гача пасайтириши мумкин бўлган махсус совутувчи элементларга эга либослар ҳам синовдан ўтказилмоқда.
Ҳўл кийим янада самарали
Мутахассисларнинг айтишича, танани совутишнинг энг самарали усулларидан бири – ҳўл кийим кийиш. Сув буғланиш жараёнида тана иссиқлигини ўзига тортиб, терини совутади.
Хулоса қилиб айтганда, иссиқ ҳавода оқ рангли, кенг бичимли ва ҳаво ўтказувчан матодан тикилган либослар энг яхши танлов ҳисобланади. Зарурат бўлса, кийимни бироз намлаш ҳам тана ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради.
Live
Барчаси