Исроил Яманга ҳужум бошлади (видео)

Олам

image

Бугун, 20 июль куни Исроил қўшинлари АҚШ ҳамда Буюк Британия билан биргаликда Яманнинг Ходейда порт шаҳридаги ёқилғи омборларига ҳужум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари хабар берди. 

Исроил ҳарбий самолётлари Яманнинг Ходейда шаҳридаги ҳусийларнинг позицияларига ҳаво ҳужумлари уюштирган.

“Бу ҳусийларнинг Тель-Авивдаги Қўшма Штатлар элчихонаси яқинида содир қилган портлашдан бир кун ўтиб рўй берди”, деган АҚШ расмийларидан бири.

Элчихона яқинидаги учувчисиз учиш аппаратлари билан амалга оширилган портлашда бир киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳатланди. Яман ҳусийлари эса янги портловчи дрон ишлатганини айтиб, ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

Ямандаги ҳусийлар ҳаракати томонидан бошқариладиган “Almasirah” нашри ўзининг расмий манбаларига таяниб, бугунги зарбалар Ходейда портидаги нефтни қайта ишлаш заводларига қаратилганини маълум қилди. Нашр дастлаб зарбалар АҚШ ва Британия кучлари томонидан амалга оширилганини ёзди, аммо кейинроқ АҚШ ва Буюк Британия кучлари ҳақидаги ҳаволани ўчириб ташлади.

“Al Arabiya” хабарига кўра, Исроилнинг 12 та самолёти, жумладан F-35 ҳам Ходейда портини нишонга олган.

Исроил мудофаа вазирлиги ҳам ҳодисани тасдиқлади.

“Мамлакатнинг қирувчи самолётлари сўнгги ойларда Исроилга қарши амалга оширилган юзлаб ҳужумларга жавобан Яманнинг Ходейда порти ҳудудида ҳусийлар террористик режимининг ҳарбий нишонларига зарба берди”, дейилган вазирлик хабарида.

Ҳусийлар ҳам қарши ҳужумга ўтишини билдирган. Ҳаракат раҳбари ракеталарни тутиб олишга уринган ҳар қандай араб давлати ҳусийлар ҳаракатининг нишонига айланишидан огоҳлантирган.

“Исроилнинг Ходейдага қарши тажовузига жавоб берилади ва биз бундан қаноатланмаймиз”, дейилган муносабатда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Британия Яман ҳудудига зарба берганди. Шунингдек, Яман ҳусийлари Қизил денгизда нефть танкерига ҳужум қилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Яман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг