Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз якунланди
Олам
−
26 Август
2876Қоҳирада Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланди. Бу ҳақда бугун, 26 август куни Миср разведка хизматларидаги манбаларга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларига кўра, кеча, 25 август куни Миср пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда Исроил ва ҲАМАС воситачилар таклиф қилган барча муросали ечимларни рад этган.
Шу билан бирга, юқори мартабали америкалик расмий музокаралар конструктив бўлгани, томонлар "якуний ва реал келишувга" эришиш истагини намойиш этганини айтди. У, шунингдек, қолган масалаларни ҳал қилиш бўйича иш яқин кунларда давом этишини, ишчи гуруҳлар Қоҳирада қолишини айтди.
Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс, Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний ва Мисрнинг юқори мартабали расмийлари иштирокида бўлиб ўтди.
Музокаралар муваффақиятсизликка учрагани ҳақидаги хабарлар ортидан АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин минтақада иккита авиаташувчи зарба берувчи гуруҳнинг мавжудлигини узайтиришни буюрди. У бу қарорини Исроил Мудофаа вазири Ёав Галант билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди.
“Вазир Исроилнинг ўзини-ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлади ва АҚШнинг Эрон ва унинг минтақавий иттифоқчиларига қарши мудофаасини қўллаб-қувватлашини давом эттирди. Ушбу қўллаб-қувватлаш доирасида у минтақада иккита ташувчи зарба гуруҳини сақлашни буюрди”, дейилади Пентагон баёнотида.
LiveБарчаси