Исроил ўз имкониятларини намойиш қилиш учун Эрон ҳудудига зарба бериши мумкин – “Al-Jazeera”
Олам
−
16 Апрель
7347Исроилнинг ҳарбий жавоби ўз имкониятларини намойиш қилиш учун Эроннинг ҳудудидаги нишонларга зарба бериш бўлиши мумкин. Бу ҳақда исмини ошкор этмаган америкалик амалдорга асосланиб, Қатарнинг “Al-Jazeera” телеканали хабар берди.
Телеканал манбасига кўра, Исроилнинг Эрон ҳужумига потенциал жавоби зиддиятни кучайтиришга эмас, балки ҳарбий салоҳиятини намойиш этишга қаратилган бўлиши мумкин.
"Исроил бизга мумкин бўлган зарба учун аниқ бир сана ҳақида маълумот бермади. Биз зиддият яна кучайишига йўл қўймаслик учун саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз", деган расмий.
У бундай қарор Исроилга тегишли эканини қўшимча қилган.
ABC телекомпанияси эса манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Исроилни Эронга жавоб қайтарса, "бир ўзи буни амалга ошириши" ҳақида огоҳлантирганини хабар берди. Телевидение манбасининг қайд этишича, бу огоҳлантириш бевосита Исроилнинг юқори мартабали амалдорларига етказилган.
“Қўшма Штатлар Яқин Шарқда кенгроқ можаро келиб чиқишидан қўрқиб, Эронга қарши ҳужумкор ҳарбий амалиётлар ўтказмайди”, дейди манбалардан бири.
ABC’нинг таъкидлашича, бу "бир неча ўн йиллар давомида АҚШдан дунёдаги бошқа мамлакатлардан кўра кўпроқ ҳарбий ёрдам олган яқин иттифоқчи учун ғайриоддий хабар". Бироқ, Исроилнинг Ғазо секторидаги бир неча ойлик мустақил ҳаракатлари ва Қўшма Штатларнинг Исроил ҳарбий амалиётлари ҳаддан ташқари узоққа кетгани ҳақидаги қаттиқ танқидидан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Вашингтон Эронга қарши ҳужумкор ҳаракатларда иштирок этмаслигини очиқ айтган.
LiveБарчаси