Исроиллик раввиннинг жасади БААдан топилди
Олам
−
24 Ноябрь
13286Бугун, 24 ноябрь куни Исроил ва Молдова давлатлари фуқароси, Чабад-Лубавич ҳаракати аъзоси, бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг тарғиботини олиб борувчи раввин Цви Коганнинг жасади Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудидан топилди. Бу ҳақда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху маълум қилди.
Бир неча ОАВлар Коганни 21 ноябрда БАА ҳудудида йўқолгани ҳақида хабар берган. Орадан икки кун ўтиб эса унинг жасади БАА ҳудудидан топилган.
“Исроил унинг ўлимида айбдор бўлган жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун барча йўллар билан ҳаракат қилади”, дейилади вазир баёнотида.
Чабад-Лубавич ҳаракати Коганни охирги марта Дубайда кўрганлигини хабар қилди.
“Ҳафта бошида ижтимоий тармоқларда унинг амирлик шаҳридаги озиқ-овқат дўконида суратга олинган видеоси пайдо бўлди”, деган ҳаракат вакиллари.
Чабад-Лубавич ҳаракати, шунингдек, Коганни Нью-Йоркнинг Бруклиндаги Краун-Хайтс маҳалласида жойлашган аноним филиалининг элчиси деб атади.
24 ноябрь тонгида WАМ давлат ахборот агентлиги Коганнинг ғойиб бўлганини тасдиқлади, бироқ у Исроил фуқароси деб эмас, фақатгина Молдова фуқароси сифатида тилга олинган. Амирлик Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, Коган йўқолган ва алоқада эмас, лекин ҳукумат унинг ўлик ҳолда топилгани ҳақидаги хабарни расман тасдиқламаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантга нисбатан Ғазо секторидаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди. Суд ордерларни беришда Исроилнинг юрисдикцияга қарши далилларини рад этган. Шундан сўнг бир қатор мамлакатлар, хусусан, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирган. АҚШ эса ХЖС қарорини қоралаган. Кремль воизи Дмитрий Песков эса ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон эканини айтди.
LiveБарчаси