Мирзиёев Исроилнинг Яқин Шарқдаги жиноятларига кўз юмгани йўқ!
Таҳлил
−
13 Сентябрь 7498 3 дақиқа
Ўзбекистон Исроилнинг Яқин Шарқ минтақасидаги жиноятларига кўз юмгани йўқ. Аксинча, Марказий Осиё давлатлари ичида яҳудий даватининг халқаро ҳуқуқ нормаларини бузишига нисбатан энг кескин қоралашлар айнан Тошкентдан янграмоқда. Жумладан, 9 сентябрда Қатар пойтахти Доҳада содир қилинган ғайриқонуний ҳаракатларга нисбатан дастлаб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдириб, Исроилнинг ҳаракатлари қабул қилиб бўлмас эканини таъкидлаганди.
Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар бу ҳужумни қоралади. Биринчилардан бўлиб, Қозоғистон Президент даражасида бунга муносабат билдирди. Кейинчалик орадан 3 кун ўтиб, 12 сентябрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шахсан Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг ўзи билан телефон орқали мулоқот қилиб, Исроил томонидан Қатар пойтахти Доҳа шаҳрига уюштирилган ракета зарбаларини кескин қоралади.
Суҳбатда Қатар мустақиллиги ва суверенитетини бузадиган, унинг хавфсизлигига таҳдид соладиган бундай номақбул хатти-ҳаракатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, халқаро ҳуқуқнинг асосий қоида ва тамойилларига зид экани қайд этилган. Ўзбекистон халқаро муносабатларда куч ишлатишнинг ҳар қандай шаклига ва Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган қадамларга қарши экани таъкидланган. Ўзбекистон Президенти Қатар ташаббуси билан чақирилаётган навбатдан ташқари араб-ислом саммитининг муваффақиятли ўтишини тилаган. Қатар Амири эса ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилган бирдамлик ва қўллаб-қувватлов учун Ўзбекистон раҳбарига чуқур миннатдорлик билдирган.
Шу ўринда, Ўзбекистон бир неча йиллардан буён тажовузкор сиёсат олиб бораётган Исроилнинг хатти-ҳаракатларига доимий равишда риторик жиҳатдан қаршилик қилиб келаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли. Марказий Осиё давлатлари орасида Фаластин масаласига бундай фаол ёндашув кўрсатган Ўзбекистон ўзига хос позицияси билан ажралиб турибди. Чунки расмий Тошкент Тель-Авивнинг халқаро жиноятларини фақатгина қоралаш билан чекланиб қолмайди. Бунга қўшимча равишда Исроилдан жабр кўраётган фаластинликларга амалий ёрдамни ҳам аягани йўқ. Юзлаб фаластинликларнинг Ўзбекистонга келтирилиши, беғараз моддий ёрдам ва бошқа кўмаклар, шулар жумласидандир.
Дунё аҳолисининг аксар қисми босқинчи давлатларнинг агрессив сиёсатидан жабр кўраётган бир пайтда, Тошкент ўзининг эски “нон шаҳри” деган мақомини қисман бўлсада сақлаб қолганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Чунки Ўзбекистон сўнгги йилларда нафақат фаластинликларга, балки украиналик болаларга ҳам бир неча бор ёрдам кўрсатди.
Президент Шавкат Мирзиёев эса бугун Фаластин дарди ва унинг азоб-уқубатлари ҳақида дунё етакчилари орасида энг кўп гапираётган лидерлардан бири. Исталган масаладаги халқаро тадбирда, у хоҳ иқтисодий бўлсин, хоҳ сиёсий, Шавкат Мирзиёевнинг баёнотларидан Ғазодаги ҳолат ва Фаластиннинг давлат барпо этишга бўлган ҳуқуқи ҳақидаги сўзлар тушиб қолгани йўқ. Ўз ўрнида, Ўзбекистон нафақат Ғазодаги, балки Исроилнинг бошқа давлатлардаги ҳужумларини ҳам асосли равишда қоралаб келмоқда. Эрон ва Қатарга қилинган ҳужумларга нисбатан расмий Тошкентнинг муносабати шулар жумласидандир.