Исроил қочқинлар лагерига зарба берди. 70 киши ҳалок бўлди
Олам
−
25 Декабрь 2023
3201Исроилнинг Ғазо сектори марказидаги Ал-Мағози қочқинлар лагерига уюштирган ҳужумида камида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда эксклав Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, CNN хабар берди.
Вазирлик матбуот котиби Ашраф Ал-Кидра қочқинлар лагерида содир бўлаётган воқеалар одамлар яшайдиган гавжум майдондаги "оммавий қотиллик" эканини айтган.
ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти эса сўнгги тўрт кун ичида 48 исроиллик аскар ҳалок бўлганини ва яна "ўнлаб" ҳарбий яраланганини ёзган. Шунингдек, ҲАМАС Исроилнинг 35 ҳарбий машинасини тўлиқ ёки қисман йўқ қилганини билдирган.
Журналистларнинг сўровига жавобан, Исроил мудофаа кучлари лагерда содир бўлган воқеа ҳақида хабар олганини ва ҳозир буни текшираётганини маълум қилган.
“Ғазо секторининг тинч аҳоли пунктларида ҳаракат қилаётган ҲАМАС террорчилари томонидан юзага келган қийинчиликларга қарамай, ЦАХАЛ халқаро қонунларга амал қилади, шу жумладан тинч аҳолига етказиладиган зарарни камайтириш учун мумкин бўлган чораларни кўради”, дейилади Исроил армияси баёнотида.
Сўнгги маълумотларга кўра, 7 октябрдан бери Ғазо секторида 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 53 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҲАМАС Ғазо секторида Исроил махсус кучлари отряди йўналишидаги туннелни портлатиб юборганини маълум қилганди.