Исроил Ғазога янада чуқур кириб, кўпроқ аҳолини кўчишга мажбурламоқда

Олам

image

Бугун, 3 сентябрь куни Исроил армияси танк ва аскарлар билан Ғазо шаҳрининг энг йирик ва аҳолиси зич туманларидан бири – Шайх Радвонга кириб борди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Сўнгги ҳафталарда Исроил кучлари шаҳарнинг ташқарисидаги маҳаллалар орқали олға силжиб, халқаро чақириқларга қарамасдан, шаҳар марказидан бир неча километр узоқликда жойлашишга эришди.

Ғазо шаҳридагиларнинг айтишича, ҳарбийлар қарийб икки йил давом этаётган урушдан қочган фаластинликлар жойлашган уйлар ва чодир лагерларини вайрон қилган. Бугун, 3 сентьябрь куни Ғазо бўйлаб, асосан шаҳарнинг ўзида камида 24 фаластинлик, шу жумладан, болалар ҳалок бўлгани хабар қилинди.

“Шайх Радвонга тамомила ёпириляпти. Оккупация уйларни йиқитди, чодирларни ёқди, дронлар орқали одамларга ҳудуддан чиқиш буйруқлари берилди. Агар Ғазо шаҳри босиб олинишини тўхтатишмаса, биз ўламиз. Ва биз ўз ўлимимизни олдини олиш учун ҳеч нарса қилмаганларни кечирмаймиз”, деди 60 ёшли беш фарзанднинг онаси Закея Сами. 

Гувоҳларнинг айтишича, ҳарбийлар Шайх Радвондги қочқинлар бошпанасига айланган учта мактабни граната билан ўққа тутган ва чодирлар ёниб кетган. Шунингдек, шифохона ва иккита тез ёрдам машинаси ҳам вайрон қилинган.

Исроил армияси бугун баёнот бериб, Ғазода “террорчи ташкилотларга” қарши ҳаракатларни давом эттиришини ва “Исроил давлатининг хавфсизлигига таҳдидни бартараф қилишини” билдирди.

Бош вазир Биньямин Нетаньяҳу армияга шаҳарни эгаллашни буюрган, унинг таърифича, бу ҲАМАСнинг сўнгги бошпанаси. Унинг фикрича, ҲАМАС қуролини ташламаса ва таслим бўлмаса, мутлақо мағлуб қилиниши керак.

Шу билан бирга, Исроил армияси сиёсий раҳбариятни отишмани тўхтатиб, оташкесимга келишувга эришишга чақирган, чунки ҳужум Ғазода тутқинлар ва аскарларни хавф остига қўяди. Аммо Нетаньяҳу “ҲАМАС устидан ҳал қилувчи ғалаба қозонилмагунча амалиётлар тўхтамайди”, деган фикрда қолмоқда.

Исроил ичида эса жамоатчилик орасида урушни тугатиш ва тутқинларни озод қилиш тарафдорлари кўпайган. Иерусалимда намойишчилар миллий кутубхона томига чиқиб: “Сизлар бизларни ташлаб қўйдингиз ва ўлдирдингиз”, деган ёзувли баннер илишди.

Бир миллионга яқин фаластинлик кўчирилиши мумкин

“Бизга аскарларимиз уйга қайтиши керак. Бизга тутқинларимиз уйга қайтиши керак. Улар у ерда жуда узоқ вақт туришди. Урушни ҳозир тўхтатинг”, деди Тель-Авивлик 50 ёшли Равид Вексельбаум.

Кеча, 2 сентябрь куни юз минглаб захирачи аскарлар операцияни қўллаб-қувватлаш учун чақирилган. Улар, асосан, разведка ёки Ғарбий соҳилда хизмат қилаётган аскарларни алмаштириш каби нокомбат вазифаларни бажариши кутилмоқда.

Ғазо шаҳрига қилинган ҳужум қарийб ярим аҳоли – 1 миллион фаластинликни яна кўчириш билан таҳдид қилмоқда. Армия аҳолига уйларини ташлаб чиқишни буюрган, аммо кўплаб оилалар қочишдан бош тортмоқда.

2023 йил 7 октябрдан бери Ғазода Исроил армияси зарбаларидан 63 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Соғлиқни сақлаш идоралари 367 киши, шу жумладан 131 бола, озуқа етишмаслиги туфайли очликдан ва ожизликдан вафот этганини ҳам хабар қилди. Исроил расмийлари Ғазода очлик борлигини тан олса-да, оммавий очарчилик айбловларини рад этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг