Исроил Ғазога кетаётган ёрдам кемасини тутиб олди
Олам
−
09 Июнь 5842 3 дақиқа
Исроил ҳарбий-денгиз кучлари Ғазо секторига кетаётган “Мадлин” кемасини бортида гуманитар ёрдам ва фаолларни, жумладан, швециялик экологик фаол Грета Тунбергни тутиб олди. Кема ҳарбийлар назорати остида Исроил қирғоқларига жўнатилган, унинг йўловчиларига зарар етмаган Бу ҳақда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги бугун, 9 июнга ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
ТИВ баёнотига кўра, “Мадлин” йўловчилари ўз ватанларига қайтади, бортдаги гуманитар ёрдам эса “ҳақиқий гуманитар каналлар” орқали Ғазо секторига жўнатилади. Бироқ Исроил вакиллари денгиз блокадасини бузишга уринган кеманинг ўзи билан нима содир бўлишига аниқлик киритмади.

Аввалроқ Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац “Мадлин”нинг Фаластин ҳудуди қирғоқларига етиб боришига йўл қўймаслик ҳақида буйруқ берган эди.
“Антисемит Грета ва унинг ҳамроҳлари, ҲАМАС тарғиботининг оғизларига аниқ айтаман: орқага қайтинглар, Ғазога етиб бормайсизлар”, дейилади вазирлик идораси баёнотида.
“Мадлин” кемасининг Ғазо секторига жўнатилишини ташкил қилган Озодлик флотилияси коалицияси ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кема “халқаро сувларда ҳужумга учраганини” ёзди.
“Квадрокоптерлар кемани ўраб олишди ва унга оқ тирнаш хусусияти берувчи моддани сепишди. Алоқа узилган, радиода хавотирли товушлар янграган. Кейин кемага ўтирилди”, дея хабар берди фаоллар.
Бироқ Исроил ҳарбий-денгиз кучлари томонидан кема бортида суратга олинган видеоларда махсус воситалардан фойдаланишнинг кўзга кўринган оқибатлари кўрсатилмаган. Озодлик флотилияси кейинчалик кема экипажи ҳибсга олингани ва юк мусодара қилинганини тасдиқлади.
Шу билан бирга, фаоллар вакили Хувайдо Арраф Исроилнинг хатти-ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканлигини, чунки улар Халқаро суднинг Ғазо секторига гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз етиб бориши ҳақидаги аввалги қарорига зид эканлигини таъкидлади. Фаоллар эълон қилинган видеоларда ҳибсга олинишини одам ўғирлаш деб таърифлаган.
Маълумот учун, “Мадлин” 1 июнь куни Сицилиядаги Катания портидан Ғазо секторига йўл олди. Бортда ўнга яқин одам, жумладан, Тунберг ва Европарламент депутати Рима Ҳассан бўлган.
Озодлик флотилияси май ойи бошида ҳам аллақачон Виждон кемасидан фойдаланиб, Европадан Ғазо секторига миссия жўнатмоқчи бўлган эди. Бироқ Тунберг миссияга қўшилиши керак бўлган Мальта қирғоқлари яқинида кемада ёнғин содир бўлди.
Кема тунда учувчисиз самолётлар томонидан ҳужумга учраганини билдирган фаоллар воқеада Исроилни айблаган.
Озодлик флотилияси нодавлат ташкилоти 2010 йилда ташкил этилган бўлиб, ташкилотнинг расмий мақсади Ғазо секторига гуманитар юкларни етказиб беришдир. Озодлик флотилиясининг 2010 йил май ойида Ғазо сектори қирғоқларига сузиб боришга биринчи уриниши айниқса яхши маълум. Исроил ҳарбий-денгиз кучлари фаоллар билан олтита кемани тутиб олган, бироқ улардан бирида қаршиликка дуч келган. Тўқнашувда 9 нафар фаол ҳалок бўлган – уларнинг барчаси Туркия фуқаролари эди. 30 йўловчи ва 10 дан ортиқ исроиллик аскарлар жароҳатланган. Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг Исроилни танқид қилишига ва денгиз блокадасининг қонунийлиги ҳақидаги саволларга сабаб бўлди.
Live
Барчаси