Исроил Эрон ядровий иншоотларига зарба бериши мумкин – WSJ
Олам
−
13 Февраль 5143 2 дақиқа
Исроил 2025 йилда Эрон ядровий объектларига “сезиларли” зарбалар беришни ва ҳужумлар учун АҚШ Президенти Дональд Трампдан ёрдам олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ разведкасига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу маълумот АҚШ разведка хизматларининг таҳлилий ҳисоботларида келтирилган бўлиб, улар Жо Байденнинг президентлик муддатининг сўнгги ойида ҳамда Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтишидан сўнг тақдим этилган. Шу билан бирга, америкалик амалдорлар Исроилнинг Эрон ядровий объектларига зарба бериш учун Қўшма Штатларнинг ҳарбий ёрдамига муҳтож бўлишини айтган.
“Исроил Трамп маъмурияти даврида бу ёрдамни олиш эҳтимоли Байден маъмурияти даврига қараганда юқорироқ”, дейилади хабарда.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху администрацияси мазкур хабарга муносабат билдирмаган, Исроил ҳарбийлари ҳам маълумотларга изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумот учун, 4 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик меморандумини имзолаган ва у Эрон ядро дастурига “максимал босим” ўтказишини айтган эди. Унинг қайд этишича, Вашингтон Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишига ва уни яратишига рухсат бера олмайди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Трампнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришдан қўрқишини асоссиз деб атади, чунки мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага содиқдир. Қолаверса, Эронда бу фаолиятга диний тақиқ қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Қўшма Штатлари Эрон билан янги битим тузиб, уни таслим бўлишга мажбурлаш мақсадини кўзлаётгани ҳақида хабар берилганди. Ароқчининг таъкидлашича, АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон халқига босим ўтказиш ниятида.
Моҳимбегим Маъруфалиева