Исроил Дамашқдаги Эрон консуллигига зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
02 Апрель
6995Исроил Сурия пойтахти Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда “Tasnim” агентлиги хабар берди.
Ҳужум оқибатида Эроннинг Дамашқдаги элчихонаси мажмуасидаги консуллик биноси зарар кўрган. Суриянинг SANA агентлиги ҳарбий манбаларга таяниб, Дамашқнинг Меззе маҳалласидаги бир бинонинг Исроил ҳаво кучлари томонидан ҳаво ҳужумига учраганини ёзди.
“Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир нечта ракеталарни уриб туширди”, дейилади агентлик хабарида.
Эроннинг Дамашқдаги элчиси Ҳусайн Акбарийнинг айтишича, унинг мамлакати Исроилга "тез, тўғридан тўғри ва қатъий" жавоб қайтаради. У Исроил F-35 қирувчи самолётлари ёрдамида Эрон консуллиги биносига 6 марта ракета ҳужуми уюштирганини айтди.
Сурия Ташқи ишлар вазири Файсал ал-Миқдод Дамашқдаги ҳужумга учраган Эрон элчихонаси мажмуасига ташриф буюриб, эронлик мавқедоши Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлган бу террор ҳужумини кескин қоралаймиз. Сурия Эронни қўллаб-қувватлашда давом этади. Исроилнинг бу ҳужуми Ғазодаги Фаластин халқига қарши урушдаги даҳшатли муваффақиятсизлигининг бир кўринишидир”, дейди ҳужум жойида матбуотга баёнот берган Сурия вазири.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳужум оқибатида етти киши, жумладан икки генерал ҳалок бўлганини маълум қилди. Булар бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва бригада генерали Муҳаммад Ҳоди Ҳаж Раҳимий ҳамда ташкилотнинг 5 нафар ходими Ҳусайн Эмануллоҳий, Меҳди Жалолетий, Моҳсин Садоқат, Али Оға Бобоий ва Али Солиҳи Рузбекхонийдир.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум қурбонларининг умумий сони 11 нафарга етган. Ҳалок бўлганларнинг уч нафари суриялик, яна бири ливанлик.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Носир Канонийнинг айтишича, Теҳрон “тажовузкорни қандай жазолаш”ни ҳал қилади. БАА, Уммон ва Покистон ҳам Эрон консуллигига ҳужумни қоралади. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг хатти-ҳаракатлари "мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва тўхтатилиши керак"лигини айтди.
Исроил мудофаа кучлари вакили брифингда Исроил ҳарбийларининг Дамашққа зарба бергани ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.