Исроил ҲАМАС етакчисининг бошпанасини топганини эълон қилди (видео)
Олам
−
15 Февраль
8822Исроил ҳарбийлари ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги етакчиси Яҳё Синвар оиласи ва тансоқчилари билан Хон Юнус шаҳри остидаги туннелда яшаганини даъво қилмоқда. Бу ҳақда Исроил армияси матбуот котиби Даниэль Ҳагарийга таяниб, “Bild” нашри хабар берди.
Исроил томони Синвар ва унинг баъзи қариндошлари туннелга чуқурроқ кириб бориши тасвирланган видеони эълон қилди. Тасвир ҲАМАС туннелларидан биридаги кузатув камераси томонидан 2023 йилнинг 10 октябрида ёзиб олингани айтилган.
“Синвар ҳозир қаерда экани номаълум. Агар видео ҳақиқий бўлса, бу унинг уруш бошланганидан бери биринчи тасвирлари бўлади”, дейилади хабарда.
Армия томонидан эълон қилинган бошқа бир видеода исроиллик аскар Синвар яшагани айтилаётган хонани, Исроил ва Америка валютасидаги банкноталар солинган сейф тасвирини кўрсатган.
Шунингдек, ер ости мажмуасида ҳожатхона ва душ хоналари, озиқ-овқат захиралари узоқ вақт сақланадиган ошхона, қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан жиҳозланган тансоқчилар учун хона ҳам топилган.
Маълумот учун, Яҳё Иброҳим Ҳасан Синвар ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти асосчиларидан бири. У ҲАМАСнинг ички хавфсизлик бўлимига асос солган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Исроил мудофаа кучлари Яҳё Синварнинг Ғазо секторида яширинган жойини аниқлагани, бироқ унинг гаровдагиларни тирик қалқон сифатида қўллаши мумкинлиги сабабли ҳарбийлар ҳужум қилмаётганини даъво қилганди.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси