Испания – Франция: яширин финал ёхуд футбол фалсафалари тўқнашуви
Review
−
14 July 3934 7 minutes
Бугун, 14 июль куни Тошкент вақти билан 23:55 да Жаҳон чемпионатининг дастлабки ярим финалида Испания ва Франция терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ушбу учрашувни кўпчилик “эрта финал” ёки “яширин финал” деб атамоқда. Зеро, бу баҳсда нафақат ҳал қилувчи ўйинга йўлланма, балки футбол тарихида яна бир ёрқин саҳифа ёзиш имконияти ҳам ўртага қўйилган.
Амалдаги Европа чемпиони Испания сўнгги икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида мағлубият нималигини билмаяпти. Луис де ла Фуэнте шогирдлари 36 учрашувдан буён мағлуб бўлмаган ва агар бу сафар ҳам ғалаба қозонса, Италия терма жамоасининг 37 ўйинлик мағлубиятсиз сериясига тенглашади.
Франция учун ҳам мазкур баҳс алоҳида аҳамият касб этади. Бу Дидье Дешам бошчилигидаги жамоанинг энг муҳим синовларидан бири ҳисобланади. Футболчи сифатида ҳам, мураббий сифатида ҳам Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Дешам энди мураббий сифатида учинчи бор финалга чиқиш имкониятига эга. Агар французлар ғалаба қозонса, у Витторио Поццодан кейин Жаҳон чемпионатида икки марта чемпион бўлган иккинчи бош мураббий сифатида тарихга кириши мумкин.
Икки мустаҳкам ҳимоя тўқнашуви
Испания ва Франция одатда юлдузли ҳужум чизиғи билан тилга олинса-да, бу сафар асосий эътибор уларнинг ҳимоясига қаратилиши мумкин.
Испания ўз ҳимоясини тўп назорати орқали қуришни афзал кўради ва рақибни тўпсиз қолдириш орқали хавфли вазиятларни камайтиришга интилади. Улар учун энг яхши ҳимоя – бу тўпни ўз назоратида ушлаб туришдир.
Франция эса бутунлай бошқача услубга таянади. Дидье Дешам жамоаси зарур пайтда ташаббусни рақибга бериб, ихчам ҳимояланиш ва қарши ҳужумларга таянишни маъқул кўради. Бу услуб йиллар давомида французларнинг энг катта қуролига айланган.
Мураббийларнинг танловида ҳам фарқ сезилади. Луис де ла Фуэнте деярли ўзгармас ҳимоя чизиғига ишонади. Марк Кукурелья, Аймерик Ляпорт, Пау Кубарси ва Педро Порро мунтазам асосий таркибда майдонга тушмоқда. Дешам эса рақибга қараб ҳимоячиларни алмаштиришни ва ротация орқали футболчиларни юқори спорт формасида ушлашни афзал билади.
Рақамлар Франция тарафда, тарих эса Испанияга умид бағишлайди
Статистикага назар ташланса, ярим финалгача бўлган йўлда Франция анча ишончли кўринмоқда. Дидье Дешам шогирдлари турнирдаги олтита учрашувнинг барчасида ғалаба қозониб, рақиблар дарвозасига 16 та гол урди ва ўз дарвозасидан атиги икки марта тўп олиб чиқди. Чорак финалда Марокаш 2:0 ҳисобида мағлуб этилди ва французлар кетма-кет учинчи Жаҳон чемпионатида ярим финалга чиқишга муваффақ бўлди.
Бу натижа Францияни тарихда кетма-кет учта Жаҳон чемпионатида (2018, 2022 ва 2026) ярим финалга чиққан учинчи терма жамоага айлантирди. Илгари бундай натижага фақат Германия ва Бразилия эришган.
Франциянинг асосий қуроли эса, шубҳасиз, Килиан Мбаппе бўлиб турибди. У турнирда олтита учрашувда саккизта гол урди ва кетма-кет икки Жаҳон чемпионатида саккизтадан гол урган тарихдаги илк футболчига айланди. Шунингдек, у 2026 йилги мундиалда энг кўп гол урган футболчи сифатида Лионель Мессининг натижасига ҳам етди.
Яна бир муҳим рекорд – Мбаппе Франция терма жамоаси тарихида 100 та голли ҳаракат (64 гол ва 36 ассист) қайд этган биринчи футболчига айланди. Агар Франция Испанияни ҳам мағлуб этса, бир мундиалда кетма-кет еттита ғалабага эришган тарихдаги иккинчи жамоага айланади. Бу натижага шу пайтгача фақат 2002 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия эришган эди.
Бундан ташқари, финалга чиқилса, Мбаппе кетма-кет учта Жаҳон чемпионати финалида майдонга тушган тарихдаги иккинчи футболчи бўлади. Бу натижага ҳозирча фақат бразилиялик Кафу (1994, 1998, 2002) эришган.
Дарвозабонлар ҳам ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин
Бу ярим финалда икки кучли дарвозабон ҳам ўзаро рақобатлашади. Франция посбони Майк Меньян турнир давомида бир неча муҳим сейвларни амалга оширди. Айниқса, Норвегияга қарши баҳсда пенальтини қайтариб, жамоасини қутқариб қолгани унинг энг ёрқин эпизодларидан бири бўлди.
Испания дарвозабони Унаи Симон эса узоқ вақт гол ўтказмаган бўлса-да, Бельгияга қарши учрашувда бир нечта хатоларга йўл қўйди. Шу боис ярим финалда унга нисбатан босим янада юқори бўлади.
Мбаппе ва Ямаль – асосий юлдузларми?
Учрашув олдидан барча эътибор Килиан Мбаппе ва Ламин Ямалга қаратилган. Мбаппе турнирнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турибди. У мунтазам гол уриб, голли узатмалар бермоқда ҳамда етакчилик фазилатларини намоён қилмоқда.
Ямал эса жароҳатдан кейин майдонга қайтди. У айрим эпизодларда ўз иқтидорини кўрсатган бўлса-да, ҳозирча Испания ҳужумининг асосий ҳал қилувчи кучи бўлиб тургани йўқ. Бироқ мустаҳкам ҳимоялар шароитида айнан бошқа футболчилар натижани ҳал қилиши ҳам мумкин. Франция сафида Майкл Олисе ўзининг креатив ҳаракатлари билан хавф туғдириши мумкин бўлса, Испанияда Педри ярим ҳимояни бошқариш ва ҳужумларни ташкил этишда ҳал қилувчи фигура бўлиши кутилмоқда.
“Opta” кимни фаворит деб ҳисобламоқда?
“Opta” суперкомпьютери ҳисоб-китобларига кўра, Франция ярим финалда ғалаба қозониб финалга чиқиш эҳтимоли 53,96 фоизни ташкил этади. Испаниянинг имконияти эса 46,04 фоиз деб баҳоланган. Чемпионлик учун асосий фаворит ҳам Франция ҳисобланмоқда – 33,38 фоиз. Испания эса 27,55 фоиз кўрсаткич билан иккинчи ўринда бормоқда.
Испания ҳам тарих ёзиш арафасида
Испания чорак финалда Бельгияни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, 2010 йилдан бери илк бор Жаҳон чемпионати ярим финалига чиқди. Ғалаба голини 88-дақиқада Микель Мерино киритди. Шу тариқа, испанлар 2010 йилдаги чемпионликдан кейинги энг яхши натижасини қайд этди. Бу давр мобайнида жамоа икки марта 1/8 финалда (2018 ва 2022), бир марта эса (2014) гуруҳ босқичида мусобақани тарк этган эди.
Бельгияга қарши баҳсда Испаниянинг гол ўтказмаслик серияси ҳам якунланди. Дарвозабон Унаи Симон Жаҳон чемпионатида 649 дақиқа давомида гол ўтказмай, янги рекорд ўрнатди. Испания сафида яна бир эътиборли шахс – Ламин Ямаль. У битта Жаҳон чемпионатида олтита учрашувда иштирок этган 18 ёш ва ундан кичик ёшдаги тарихдаги биринчи футболчига айланди. Францияга қарши баҳс арафасида эса Ямал 19 ёшини нишонлади. Бош мураббий Луис де ла Фуэнте рақиб кучини юқори баҳолаган ҳолда, бир жиҳатга алоҳида урғу берди:
“Сўнгги икки ярим финалда – Евро-2024 ва Миллатлар лигасида – Францияни мағлуб этган ягона жамоа биз бўлдик.”
Ўзаро учрашувлар тарихи
- Испания ва Франция шу кунгача ўзаро 38 марта тўқнаш келган.
- Испания – 18 та ғалаба
- Франция – 13 та ғалаба
- Дуранг – 7 та
- Тўплар нисбати ҳам Испания фойдасига – 71:44.
Жаҳон ва Европа чемпионатлари доирасида эса жамоалар олти марта тўқнаш келган:
- Испания – 2 ғалаба
- Франция – 3 ғалаба
- Дуранг – 1 та
Жаҳон чемпионатидаги ягона ўзаро баҳс 2006 йилги мундиалнинг 1/8 финалида бўлиб ўтган ва ўшанда Франция 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Бироқ сўнгги икки муҳим тўқнашув Испания устунлигида ўтди:
- Евро-2024 ярим финали: Испания – Франция 2:1
- UEFA Миллатлар лигаси-2025 ярим финали: Испания – Франция 5:4
Шу боис, бу сафарги баҳс нафақат финалга чиқиш учун кураш, балки Франциянинг реванш олиш ёки Испаниянинг сўнгги йиллардаги устунлигини яна бир бор исботлаш имконияти ҳам бўлади.
Тарихий аҳамиятга эга ярим финал
Яқинлашаётган баҳс Жаҳон чемпионатининг энг қизиқарли учрашувларидан бири бўлиши кутилмоқда. Бу нафақат икки кучли терма жамоа, балки икки хил футбол фалсафаси ва икки хил ғалаба қозониш услубининг тўқнашувидир.
Испания ўйин темпини назорат қилиш ва рақибни аста-секин босим остига олишга ҳаракат қилади. Франция эса сабр-тоқат билан ўз имкониятини кутиб, қарши ҳужумларда рақибни жазолашни режалаштиради.
Қайси жамоа устун келишини тахмин қилиш осон эмас. Бир томонда кетма-кет 36 учрашувда мағлуб бўлмаган Испания, иккинчи томонда эса афсонавий Дидье Дешам бошчилигидаги амалдаги вице-чемпиони Франция. Бу саволга жавобни фақат майдоннинг ўзи беради.
Live
AllBloger Aziz Hakimov 4 yilga qamaldi
11 August
Putin hech narsadan qo'rqmasligini aytdi
11 August