Исоқжон домла лавозимидан озод этилди
Жамият
−
25 Август 2023
33141Халқ орасида “Исоқжон домла” деб танилган Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 25 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ички назорат комиссияси томонидан Исоқжон Бегматовнинг ижтимоий тармоқлардаги бир қатор чиқишлари кенг муҳокама қилинган.
Комиссия аъзолари томонидан имом-хатибнинг турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлган ҳиссиётга берилиб қилган кескин чиқишлари, уламолар фатволарига нисбатан айрим тескари фикрлари, ихтилофли масалаларни кўтариши оқибатида, низо ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлгани қаттиқ танқид остига олинган.
“Ички назорат комиссияси аввал ҳам ушбу имом-хатибнинг мана шундай чиқишларини бир неча бор кўриб чиқиб, уни жиддий огоҳлантирган эди. Афсуски, бундай ҳолатлар яна такрорланишда давом этди.
Йиғилишда Исоқжон Бегматовнинг мазкур чиқишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини мутлақо ифода этмаслиги, балки унинг ўзбилармонлик ила айтган шахсий фикр-мулоҳазалари экани таъкидланди.
Исоқжон Бегматов ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган чиқишларида жиддий хатога йўл қўйганини эътироф этди ва пушаймонлигини билдирди”, дейилади Мусулмонлар идораси хабарида.
Билдирилишича, ички назорат комиссияси қарорига асосан имом-хатиб мазкур чиқишларида ушбу йўналишдаги буйруқлар талаблари, ички тартиб-қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига мунтазам равишда риоя этмагани учун Исоқжон Бегматов Тошкент шаҳридаги “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби вазифасидан озод этилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тузилган Ички назорат комиссияси диний соҳа ходимлари фаолиятини тартибга солиш, камчиликларга йўл қўйганларга таъсир чораларини қўллаш ва ҳалол-пок хизмат қилаётганларни рағбатлантириш каби ваколатларга эгадир.
LiveБарчаси