Исломшунос олим Убайдулла Уватов вафот этди
Жамият
−
03 Ноябрь 2020
6564Исломшунос олим, профессор Убайдулла Уватов 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси маълум қилди.
Убайдулла Уватов 1940 йил 23 февралда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида таваллуд топган. 1958—1964 йилларда Тошкент давлат университети талабаси бўлган. Миср, Ироқ ва Ливия мамлакатларида таржимонлик фаолияти билан шуғулланган.
Убайдулла Уватов Тошкент давлат шарқшунослик институти, Президент администрацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, “Амир Темур”, “Олтин мерос” жамғармалари, Имом Бухорий халқаро маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Халқаро ислом академиясида фаолият олиб борган.
“У юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини халқнинг маънавий мулкига айлантириш борасида салмоқли ишларни амалга оширди”, дейилади хабарда.
Олимнинг самарали меҳнатлари муносиб қадрланиб, 2017 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ордени ва 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
LiveБарчаси