Ислом Махачев Гэррини мағлуб этиб, UFC рекордини ўрнатди
Спорт
−
10:27 2165 1 дақиқа
Бугун, 16 август куни россиялик аралаш яккакураш (ММА) жангчиси Ислом Махачев Филадельфияда бўлиб ўтган UFC 330 турнирида ирландиялик Иэн Мачадо Гэррини мағлуб этди.
Спортчиларнинг тўқнашуви шоунинг марказий жанги бўлди. Махачев илк бор ярим ўрта вазн (77,1 кг гача) тоифасидаги камарини ҳимоя қилди. Мачадо Гэрри эса ушбу жангга дивизионнинг биринчи рақамли жангчиси мақомида етиб келган эди.
Жанг тўлиқ беш раунд давом этди. Иккинчи раундда россиялик спортчи рақибини нокдаунга учратди. Якунда Махачев ҳакамларнинг якдил қарори билан (49:46, 49:46, 48:47) ғалаба қозонди.
34 ёшли россиялик ўз титулини ҳимоя қилди. Эндиликда унинг ҳисобида кетма-кет қозонилган 17 та ғалаба бор. Бу UFC тарихидаги энг узоқ давом этган ғалабали сериядир. Бундан олдинги рекорд бразилиялик Андерсон Силвага тегишли эди (16 та ғалаба).
Ислом Махачевнинг профессионал ММАдаги умумий ҳисобида 29 та ғалаба ва битта мағлубият бор. Илгари у енгил вазн (70,3 кг гача) тоифасида UFC чемпиони бўлган.
Мачадо Гэрри эса фаолиятидаги иккинчи мағлубиятини қабул қилиб олди. 28 ёшли ирландиялик жангчининг ҳисобида 17 та ғалаба қолди.