Ислом Каримовнинг суратлари кўргазмаси очилди. Татьяна Каримова маросимга қўлтиқтаёқда келди
Жамият
−
28 Январь 2020
25693Ўзбек халқининг суюкли фарзанди, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳаёт бўлганда, бу йил 82 ёшни қаршилаган бўлар эди. Аввал хабар берганимиздек, кеча, 27 январь куни Ислом Каримов хотира ҳафталиги тадбирлари бошланди.
Бугун, 28 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида “Ислом Каримов: Улкан тарихий даврни мужассам этган инсон” номли фотоальбом тақдимоти ўтказилди.
Фотоальбомга Ислом Каримовнинг шахсий фотографи Фарҳод Қурбонбоев ва Тимур Қурбонбоев томонидан олинган суратлар жамланган. У турли даврларни қамраб олади.
Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова иштирок этди. Унинг бироз тоби йўқ кўринади. Татьяна Акбаровна маросимга қўлтиқтаёқда келди.
Маросимда Татьяна Каримова нутқ сўзлаб, турмуш ўртоғи Ислом Каримовни хотирлади:
“Халқига меҳр муҳаббат Ислом Абдуғаниевичнинг қалбидан чуқур ўрин эгаллаган эди. Бу табаррук заминда яшовчи одамларни худди оила аъзоларидек яқин кўриб, қадрдонидек ардоқлар эди. Туну-кун оддий инсонларнинг ҳаёти, қувончи ташвишлари билан яшаган Ислом Абдуғаниевич учун бундан-да олий саодат, мақсад бўлмаган. Зотан, ўзи ҳам содда, бегидир, гоҳида зоҳидлардек қаноатли ва мудом камтарин инсон эди. Буюклиги эса, улуғ ва эзгу амалларида зоҳир бўлган. Мустақил давлатнинг етакчиси сифатида у эл-юрт манфаатларини халқаро даражада, энг юқори минбарлардан туриб қатъий ҳимоя қилиш қудратига эга, чуқур мушоҳадали, узоқни кўра билувчи, танлаган йўлига содиқ сиёсий арбоб сифатида ўзини кўрсата олган”.
Тадбирда фотоальбомнинг муаллифлари Фарҳод Қурбонбоев ва Тимур Қурбонбоев ҳам иштирок этди. Кўп йиллар мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фотосуратчиси бўлган Фарҳод Қурбонбоев кўргазмага қўйилган суратларнинг тарихига оид воқеалар ҳақида гапирди. Унга кўра, фотожамланмадаги ҳар бир суратнинг ўз тарихи бор, ҳеч бир сурат шунчаки олинган эмас.
LiveБарчаси