Ислом бирдамлиги ўйинлари: Матниёзова ва Тўрабоев олтин медални қўлга киритди

Спорт

image

Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтаётган V Ислом бирдамлиги ўйинлари давом этмоқда. Бугун, 16 август кунги беллашувларда бир қатор ўзбекистонлик дзюдочилар муваффақиятли иштирок этди.

Дзюдо бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг етакчиларидан бири Гулноза Матниёзова Ислом бирдамлиги ўйинларида чемпионга айланди. -70 кг вазн тоифасининг финал беллашувида Матниёзова тунислик Ниҳел Ландолсига қарши курашиб, ғалабани тантана қилди. Шунингдек, -70 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Шоҳиста Назарова ҳам мусобақадан медаль билан қайтадиган бўлди. Назарова бронза медали учун кечган баҳсда эронлик Марям Барбатдан устун келди.

Қайд этиш жоизки, бугунги беллашувларда дзюдо бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси ҳам яхши иштирок этди. Музаффарбек Тўрабоев Ислом бирдамлиги ўйинларининг чемпионига айланди. -100 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган Тўрабоев финалда 68 сония ичида Рио-2016 финалчиси – озарбайжонлик Элмар Гасимовни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди.

-81 кг вазн тоифасида бронза медали учун баҳс олиб борган Шарофиддин Болтабоев озарбайжонлик азалий рақибларидан бири Зелим Ткаевни мағлубиятга учратди. -90 кг вазн тоифасида баҳсларда иштирок этган, Токио-2020 Олимпиадаси совриндори Давлат Бобонов ҳам Ислом бирдамлиги ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалини қўшиб қўйди.

Маълумот учун, Ислом бирдамлиги ўйинлари 18 августга қадар давом этади. Ҳозирча, Ўзбекистон делегацияси 41 та олтин, 28 та кумуш ва 47 та бронза, умумий ҳисобда 116 та медал жамғарди. Бу кўрсаткич борасида фақатгина мезбон Туркия Ўзбекистондан олдинда бормоқда, холос.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг