Ишлаш учун ейсизми ё ейиш учун ишлайсиз?
Фойдали
−
16 Декабрь 2019
5964Болалик чоғингизда ким бўлишни орзу қилгансиз? Эсингиздами? Фазогирми? Ё балет раққосасими? Балки ўт ўчирувчи бўлишни истагандирсиз? Улғайиб, ким бўлиб етишдингиз? Ҳисобчими ёки юрист? Банк ходимими ёки йирик тадбиркор? Агар ҳаммасини бошидан бошлашга имкон бўлганда, ҳаётингизни худди ҳозиргидек қурармидингиз? Ё уни ўзгартиришга уринармидингиз?
LinkedIn ижтимоий тармоғида ўтказилган сўровноманинг натижаларига кўра, иштирокчиларнинг учдан бир қисми болалигида орзу қилган касбни ёки шунга ўхшашроқ соҳани эгаллаб, катта мувафаққиятларга эришгани маълум бўлди.
Инсонлар асосан қайси касб эгаси бўлишни хоҳлашади? Сўровнома жараёни шуни кўрсатдики, орзу қилинган касблар ичида Олимпиада спортчиларидан тортиб, то ёзувчи-ю мактаб ўқитувчиларигача мавжуд.
Тадқиқот иштирокчиларининг кўпчилиги иш жараёнининг муҳим шарти сифатида маблағни эмас, балки ундан олинадиган иштиёқни кўрсатишган.
Бироқ кўп ҳолларда севимли машғулотингиз шунчалик арзимас молиявий фойда олиб келадики, унинг ҳисобига ҳаётгузаронлик қилишнинг имкони умуман бўлмайди.
Массачусетс штатининг 54 ёшли фуқароси, Fitpacking компанияси раҳбари Стив Силбергернинг аҳволи айнан шундай. Унинг ташкилоти туризм соҳасига ихтисослашган. Бундан олдин у 20 йил давомида ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борган.
Стив ўз жамоаси билан чамодан билан эмас, оддий рюкзак билан саёҳат қиладиган инсонлар учун ҳамёнбоп саргузаштлар ташкил қилиш билан шуғулланади. У ўз ишидан эстетик завқ олади: “Мен шуғулланадиган иш ниҳоятда ҳимматли, у ҳаётимнинг сифат даражасини оширади. Бироқ ундан келадиган фойда солиқларни тўлашга зўрға етади. Янги йилга ҳар сафар янги умидлар билан қадам қўяман. Зора у менинг камтарона яшаш тарзимга чек қўйса, деб ният қиламан. Лекин ҳар йили ўз умидларимдан ҳафсалам пир бўлади”.
Ўчоқни қайнатиб туриш учун Стивга қўшимча меҳнат қилишга тўғри келяпти. Қариган чоғида яшаб туришини таъминлайдиган нафақаси учун маблағ тўплаш ҳақида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
“Бир кун келиб ушбу соҳани танлаганимдан афсус чекарман. Лекин ёшлик чоғимда ҳаётдан тўлиқ завқ олмаганим менга алам қиляпти. Энди эса, ҳаётимнинг ярми ўтмишга айланганида, менга қувонч бағишламайдиган иш билан шуғулланишга умуман иштиёқим йўқ”.
Агар сиз, Силбербергга ўхшаб, ўзингизга қувонч бағишлайдиган касбни танлаган бўлсангиз, қуйида оч қолмасдан туриб, севимли машғулотингиз билан шуғулланишга ёрдам берувчи маслаҳатлар билан танишиб олинг.
Асосий шарт. Ишга нисбатан муҳаббат яратинг ва унинг учун баъзи бир кундалик қулайликларни ҳамда доимий даромад манбаингизни қурбон қилишга шайланинг.
“Агар банд бўлган ишингиз билан шуғулланишни истмасангиз, қўшимча машғулот топишга ҳаракат қилинг. У сизга фойда келтирмаса ҳам, сизга ёқадиган иш бўлиши керак”.
Тайёргарлик. Биринчи навбатда, ҳаётингизда бир ой давомида кетадиган сарф-харажатларни аниқ ҳисоблаб олинг. Севимли машғулотингиз билан шуғулланиш жараёнида бўлиши мумкин бўлган харажатларни инобатга олиб қўйинг. Агар севимли ишингиз моддий қурбонликларни талаб қилса, олдиндан пулингизни ғамлаб қўйишни унутманг.
Узоқ келажак учун пул йиғиш ҳақида қайғурманг. Чунки ҳозирги даврда инсонлар 30-40 йил олдингидек 50-60 ёшда эмас, балки нисбатан кечроқ нафақага чиқишмоқда. Оладиган даромадингизнинг катта қисмини кексалик учун сақлаб қўйишни тўхтатинг. Ҳеч бўлмаганда ҳозирча.
Бироқ оз-оздан йиғиб бориш ҳам фойдадан ҳоли эмас. Агар ўз маошингиздан ёки меҳнат мукофотидан сезиларсиз қисмини, лекин доимий равишда, кейинга олиб қўйсангиз, ўзингизда жуда фойдали хислатни шакллантирган бўласиз.
“Агар сиз мусиқачи ёки якка тадбиркор бўлсангиз, иқтисодий тушкун кунларингиз кўп бўлиши мумкин. Шундай дамларда пул тўдалаб борадиган одатингиз сизга ҳаётингизнинг оғир дамларини осонлик билан енгиб ўтишингизга ёрдам беради”, – дейди Жанубий Каролина штатининг Wilson David Investments компанияси ходими Кетрин Хауер.
Қарз олишдан тийилинг. Бу гапни айтиш осондек. Устига устак, агар сизнинг ойлик маошингиз арзимас бўлса. Бироқ, нима бўлганда ҳам, турли қарзлар ва кредитлардан қочишга ҳаракат қилинг. Ўз маошингиз ва харажатингиз орасидаги фарқни қисқартиришга урининг. Чунки қарзлардан қутулиш учун сизда ортиқча маблағ умуман бўлмаслиги мумкин. Кўпроқ пул ишлаб топиш мақсадида ишингизни ўзгартирган пайтда эса қарзни узишга анчагина вақтингиз ва меҳнатингиз кетиб қолиши мумкин. Кўпроқ пул ишлашни бир муддат хаёлдан чиқариб ташлашга тўғри келиб қолади.
Ёрдам ва мурувватларни рад этманг. Агар атрофингизда ёр-у биродарларингиз ёрдам қўлини чўзса, бундай таклифни мамнунлик билан қабул қилинг.
Қариндошлар, дўстлар кўп ҳолларда нақд пул таклиф қилишга қарор қила олишмайди, лекин сизни тушлик ва кечки овқатлар билан сийлашга, эскироқ бўлса ҳам, яхшигина костюм-шимларни тортиқ қилишга тайёр бўлишади. Шунга қарамай, давомий ёрдамларга қараб қолишни ўрганманг.
Ўз хўжалик эҳтижойларингизни қисқаритиришга ҳаракат қилинг. Оддийроқ, камтарроқ уйга кўчиб ўтинг. Ёки яшаш учун уйни дўстингиз билан бирга ижарага олиб истиқомат қилинг. Шахсий транспорт воситасидан воз кечинг. Кабел телевидениясини узиб ташланг.
Ҳақиқатан ҳам, кўпчилик одамларнинг яшайдиган уйи, ҳақиқий эҳтиёжларига умуман мос эмас. Агар ўз хонадонингизни сотиш ёки ижарага қўйишга имконият бўлса, ўзингиз эса оддийроқ уйга кўчиб ўтсангиз, бу сизга ҳар ойда қўшимча даромад олиб келади. Худди шундай маслаҳатни автомобилингизга нисбатан ҳам қўлласангиз бўлади.
Қўшимча меҳнат. Даромадингизни турли хил ишлар билан тўлдиришга ҳаракат қилинг. Асосий касбингиздан бўш пайтларда бир марталик қўшимча иш топишга ҳаракат қилинг. Ҳозирги пайтда турли интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқлардан шу турдаги ишларнинг беҳисоб рўйхатини топишингиз мумкин. Бир марталик ёки эркин иш вақтини таклиф қиладиган машғулотлар сизнинг кундалик турмушингизни барқарор ушлаб туришга ёрдам беради.
Олдинги ишингиздан воз кечманг. Фойдали ишни ёқимлиси билан бирлаштиришга ҳаракат қилинг. Кундузи ишлаб топинг, кечқурун эса севимли машғулотингиз оғушига чўмилинг. Маслаҳатимиз ҳаёт даражангизни қўллаб-қувватлашга кафолат бера олувчи амалий ишни танланг. Севимли машғулотингиз билан эса асосий ишингиздан сўнг шуғулланинг. Мазкур машғулотлар бора-бора сизни ва оилангизни тўлиқ таъминлай оладиган касбий фаолиятингизга айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Ҳаётингизнинг фаол меҳнат қиладиган даврининг жадвалини тузинг. Ҳеч кимнинг бир умр арзимас маош берадиган ишхонада ишлагиси келмайди. Кам даромадли меҳнат эртами кечми ўз ниҳоясига етади. Меҳнат пиллапояларининг энг пастки қисмидан юқорига қараб ҳаракатланишингиз аниқ. Агар иш жойингизда кўтарилишга кўзингиз етмаётган бўлса, бу ишда яна қанча муддат меҳнат қила олишга шароитингиз йўл қўйишини аниқлаб олинг. Бундай даврий жадваллар сизнинг ҳаётдаги мақсадларингиздан ҳам келиб чиқиши мумкин.
Ишга оқилона ёндашинг. Эсдан чиқармангки, бир кун келиб, ҳаётдаги устувор мақсадларингиз шароитга қараб ўзгаради. Ҳозирги ҳолатда каматрона ҳаёт кечириб, оддийроқ хонадонни ижарага олиб, макарон маҳсулотидан тайёрланган овқатларни тановул қилишни “хуш кўришингиз” мумкин. Лекин бундай вазият сизни доимо қониқтира олади дегани эмас.
Бу ҳаёт қонунини ҳар ким ҳар хил пайтда тушуниб етади. Масалан, аёллар одатда фарзанд кўргандан кейин ҳаётдаги қарашларини ўзгартиришади.
Инсоннинг дунёқараши ёши ўтгани сайин ўзгариб бораверади. Агар ҳаётингизда муҳим воқеа содир бўлса, сизда ўз-ўзидан янги хоҳиш-истаклар ва эҳтиёжлар пайдо бўлади.
Қандай иш билан шуғулланишингиздан қатъи назар, сизга касбий мувафаққиятлар тилаб қоламиз.
LiveБарчаси