Ипотека кредитлари учун субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизларга ажратилади – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Жорий йилда Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради. Мазкур ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбирида маълум қилди.

“Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди. Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, дея таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.

Президент хотин-қизларга мурожаат қилиб, уларни буюк ишларга руҳлантирди.

“Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун, янги тарихий даврга қадам қўйдик. Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир”, дейди Мирзиёев.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан, Президент қарорига биноан эса йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан мукофотланган эди. Байрам тадбирида ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

“Барчангизни яна бир бор бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий табриклайман. Сизларга дунёдаги энг бебаҳо бойлик – оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш қувончи ҳамиша ёр бўлишини тилайман. Қалбингиз доим бугунги баҳордек яшнаб турсин”, дейди Президент.






Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг