Интернетда хайп кўтармасдан, секин мактабдан бошқа жойдан иш топинг – Шерматов

Жамият

image

Мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар ишлаши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Telegram каналида ёзиб қолдирган. Вазир “мактабга адашиб келиб қолган инсонларга интернетда хайп кўтармасдан секин бошқа иш топиш”ни маслаҳат берган.  

“Президентимиз Мурожаатномада таълим сифатини барча мактабларда кўтариш бўйича жуда катта вазифани белгилаб бердилар. Бунинг учун таълим сифати паст мактабга бошқа тумандан борган малакали ўқитувчи учун 50 фоиз устама, бошқа вилоятдан келганига эса 100 фоиз устама бериш кўзда тутиляпти”, деб ёзган Шерматов.

Унга кўра, битирувчисининг биронтаси ҳам олий таълим муассасаси (ОТМ)га кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар бошлангани сабаб, ушбу мактаблар жамоаси ҳаракатга тушиб, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробар камайган.

“Буёғига ўқувчилар битиришига атиги ярим йил қолди. Шунинг учун ушбу графикда кўрсатилган тўқ қизил рангдаги (0 фоиз) ва қизил рангдаги (10 фоизгача кўрсатгичга эга) мактаблар учун бу йил жуда катта синов йили бўлади. Шунинг учун, ушбу мактаблар жамоаси бирлашиб, натижага ҳаракат қилиши зарур! Аввалгидек, биз кетсак, ўрнимизга ўқитувчи топилмайди, дейиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас”, дейилади хабарда. 

Халқ таълими вазирининг қайд этишича, вазирлик, вилоят ва туман бўлинмалари ходимлари ҳам бундан буён фақат қизил (10 фоизгача кўрсаткичли) мактабларга бориб, улардаги аҳволни яхшилаш бўйича ишлайди. 

“Яшил категориядаги мактабларга умуман бормаса ҳам бўлади, уларга халақит қилинмаса бўлди асосийси. Уларда яхши ёш кадрлар бўлса, қизил категориядаги мактабларнинг раҳбар лавозимларига тавсия этиш керак, холос. Шундагина ушбу яшил мактаблардаги ижобий муҳит қизил мактабларга ҳам тезроқ тарқалади”, деб ёзади вазир.

Шунингдек, Шерзод Шерматов  “мактабга адашиб келиб қолган инсонларга интернетда хайп кўтармасдан секин бошқа иш топиш”ни маслаҳат берган.

“Албатта, бу масала эртага анчагина шов-шув, хайпга айланиши ҳам мумкин, чунки ҳеч ким ишдан шундоқ кетишни хоҳламайди. Лекин, мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар ишлаши керак, уларни фақат ҳурматини ошириб, қўшимча шароит яратишга ҳаракат қилиб борамиз. Аксинча, ўзини устида ишламайдиган, адашиб мактабга келиб қолган, аввалги мажбурий меҳнат тизимида қандайдир сақланиб юрган инсонларга интернетда хайп кўтаришга ҳаракат қилгандан кўра, секин мактабдан бошқа жойдан иш топишни маслаҳат берамиз. Бундан буёғига мактаблар фақат натижага ҳаракат қилади, ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлашлари зарур. Вилоятларда бир ставкада бир нечта ўқитувчи ишлаётган мактаблар ҳам анчагина, ўқитувчиларнинг умумий сони ставкаларнинг сонидан 80 мингдан ортиқ!” деб ёзган вазир.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

357

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг