InterHouse'нинг шўх ўқувчилари “ҳарбий хизмат”га юборилди
Жамият
−
22 Февраль 2019
9957Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “International House – Tashkent” академик лицейи ҳамда тарбияси оғир ёшлардан иборат жами 20 нафарга яқин ўсмирлар икки кун давомида Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида бўлиб, курсантлардек яшаб кўрди. Уларга ўзларини бўлажак ҳарбий хизматчидек ҳис қилишлари учун имконият яратиб берилди.
Академияга ташриф буюрган йигитлар дастлаб курсантлар ётоқхонасида ўзлари учун алоҳида ажратилган хоналарга кириб, эгнига ҳарбий либосни кийдилар.
Қуролли Кучлар академияси офицерлари ўқувчиларга миллий армиямиз қуч-қудрати, ҳарбий хизматчилар тайёргарлиги, академия тарихи ва бугуни ҳақида маълумотларни, уларга акалик насиҳатларини беришди.
Кун тартиби бўйича ҳаракат қилган “янги курсантлар” тушликдан сўнг спорт машғулотларига жалб этилди.
Жисмоний машғулотлардан кейин курсантлик ҳаётидан жонли лавҳалар кўрилди. Ўқувчилар ётоқхона, ошхона, кутубхона, умуман ушбу даргоҳда таълим олаётган бўлажак офицерлар ҳаёти билан яқиндан танишди.
Иккинчи куни эса ўқувчилар Академия дала-ўқув майдонидаги амалий машғулотларни кузатиш учун йўл олди. У ерда ҳарбий техника бошқаруви ва жанговар қуролларни қўллаш бўйича машқларни кузатишди.
Икки кунлик “курсантча ҳаёт” давомида ўқувчилар ўртасида турли номинациялар бўйича ўтказилган мусобақа ғолибларига диплом, кубок, эсдалик совғалари ва китоблар улашилди.
LiveБарчаси